Линклар

Жондорда ишчилар заҳарланди


Басира Маълумотларга кўра, Бухоро вилоятининг Жондор туманидаги пахта тозалаш заводи ишчиларидан бир нечаси заҳарланиш туфайли туман шифохонасига ётқизилган. Маълум бўлишича, бу каби ҳолатлар илгари ҳам бўлиб турган.

Хабарларга қараганда, 19 май куни тахминан соат 10 ларда завод ишчиларидан 7 нафари заҳарланиш ташхиси билан туман марказий шифохонасига ётқизилган. Буни марказий шифохона бош врачи Қаҳрамон Ҳакимов ҳам тасдиқлади. Бош врачнинг айтишича, айни пайтда беморларнинг аҳволи яхши. Уларнинг беш нафари биринчи ёрдам кўрсатилгандан сўнг 20 май куни ўз уйларига жўнатилган. Икки нафари эса яқин кунларда шифохонадан чиқади.

“Ўзпахтасаноат” бирлашмасининг Бухоро вилояти бошқармаси ишлаб чиқариш бўлими ходими Рашид Жамиловнинг таъкидлашича, завод ҳудудидаги зах сув ва пахта чиқиндилари йиғиладиган жойда газ тўпланиб қолган. Ишчилар шу жойни тозалаётган пайтда заҳарланган.

Р.Жамиловнинг сўзларига қараганда, завод 1999 йилда ишга туширилган. Янги технология асосида ишлайди. Шу боис, ишчиларнинг заҳарланиши мавжуд технологиядан нотўғри фойдаланилгани билан боғлиқ эмас. Шунга қарамай, айни пайтда завод капитал таъмирлаш ишлари олиб бориш учун тўхтатилган.

Мутахассисларнинг айтишича, пахта тозалаш заводларида ишчиларнинг газдан заҳарланиши кўп учрайдиган ҳодиса ҳисобланади. Бу ҳолатлар ишчиларнинг техникавий қоидаларга тўлиқ амал қилмаслиги сабабли рўй беради.
XS
SM
MD
LG