Линклар

Қрим татарлари юртига қайтишни истайди


Саида Бундан 60 йил муқаддам, 1944 йилда қрим татарлари ўз юртидан собиқ иттифоқнинг турли республикаларига мажбурий равишда бадарға қилинган эди. Айрим манбаларда мазкур кўчиш даврида Ўзбекистонга 80 минг қрим татари олиб келинган дейилса, бошқаларида улар сони 150 минг нафар экани айтилади.

70 ёшли Мадина Решетованинг сўзларига қараганда, Ўзбекистонга келиб қолгандан сўнг у тўқимачилик комбинатида 35 йил меҳнат қилган. Турли мукофотларга лойиқ топилган. Ҳеч ким уни беҳурмат қилмаган. У ўзининг ватандан йироқлигини сезмай яшаган. Қрим татарларнинг асосий қисми Ўзбекистонда ишлаб чиқариш соҳасида ишлаган.

Яна бир суҳбатдош Асан Элимдаровнинг таъкидлашича, айни пайтда Ўзбекистонда жуда кўп қрим татарлари истиқомат қилади. Лекин уларнинг ўз она юртига кўчиб кетиш жараёни ҳали тўхтагани йўқ. Мамлакатдаги иқтисодий аҳвол анча оғирлиги уларни кўчиб кетишга ундамоқда. Қримда ҳам уларни осон ҳаёт кутиб тургани йўқ. Масалан, Қримда икки хонали уйнинг баҳоси 12 минг доллар. Тошкентда эса нисбатан анча арзон.

Қрим татарлар вакили Зайнаб Юсупова Ўзбекистонда ҳам ёмон яшамаётгани, аммо она юрт соғинчи уни тарк этмаганини билдирди.

“Қрим - оталаримиз, боболаримиз юрти. Инсон қаерда ва қандай шароитда яшамасин ҳамиша ўз ватанига талпинади. Бизни ўз юртимизга тортаётган нарса бу ота боболаримиз қонидир. Лекин кўчиб кетиш учун кимнингдир шароити бор, кимникидир йўқ”, - деди З.Юсупова.
XS
SM
MD
LG