Линклар

Таксичилар патентдан дод дейди


Басира Бухоро шаҳрида аҳолига такси хизмати кўрсатиш билан шуғулланадиган ҳайдовчилар давлатга патент пули тўламасликларининг асосий сабаби мазкур тўлов миқдорининг жуда катталигида эканини айтмоқда.

Маълумотларга кўра, бухоролик таксичилар Ўзбекистон бўйича энг кўп патент пули тўлайди. Тўловнинг миқдори ойига тахминан 30 минг сўмни ташкил этади.

Патент ҳайдовчиларнинг таксичилик билан қонуний шуғулланишига рухсат берувчи ҳужжат ҳисобланади. Бу ҳужжатни олган ҳайдовчи давлатга ҳар ойда белгиланган миқдорда солиқ тўлаши лозим.

Патент асосида давлатга тўланадиган солиқ миқдорининг катталиги ҳайдовчиларнинг норозилигига сабаб бўляпти. Шунинг учун улар патент олмасдан ишлашга интилмоқда. Бу эса ҳайдовчилар ва йўл-патруль хизмати (ЙПХ) ходимлари ўртасида турли муаммоларни келтириб чиқараётир.

“ЙПХ ходимлари ишлашимизга йўл бермайди. Мижоз олмоқчи бўлсак, рухсат бермайди. Тўхташ мумкин эмаслиги тўғрисидаги йўл белгиси бўлмаган жойда тўхтаб, мижоз олмоқчи бўлсак, милиционер келиб, дарҳол протокол тузмоқчи бўлади. Уларга фақат пора бериб қутиламиз. Қоидани бузмасак ҳам шундай қилишга мажбурмиз. Чунки патентимиз йўқлигини баҳона қилиб, катта жарима солиши мумкин. Патент олайлик десак, солиқ миқдори жуда катта. Ишлаганимизга яраша фойда ололмаймиз”, - дейди ҳайдовчилар.

Бухоро вилояти солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Алишер Ражабовнинг таъкидлашича, патент бўйича тўланадиган солиқ миқдори Вазирлар Маҳкамасининг 567-қарори асосида белгиланган. Бу солиқ миқдори йилдан-йилга пасайтириб борилмоқда.
XS
SM
MD
LG