Линклар

logo-print

Ҳокимликнинг сукути розилик белгисими?


Тўлқин 20 май куни Тошкент шаҳри ҳокимлиги биноси бир гуруҳ инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари томонидан пикет қилинди. Пикетчилар орасида “Президент Ислом Каримовнинг истеъфосини талаб қиламиз”, деган ёзув ёзилган кийим кийганлар ҳам бор эди.

Мазкур акцияда Тошкентда сўнгги йилларда мунтазам бўлиб ўтаётган норозилик чиқишларининг фаол иштирокчилари қатнашди. Улардан бири инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаевадир.

“Биз жорий йилнинг 1 июнь куни Ўзтелерадиокомпания олдида оммавий митинг ўтказишга рухсат сўраб Тошкент шаҳри ҳокимлигига ариза билан мурожаат қилганмиз. Бироқ икки ойдан буён мурожаатимизга жавоб қайтарилмаётир. Бугун ҳам ҳокимликнинг аризамизга жавоб беришини талаб қилиб, пикетга чиққанмиз”, - деди Е.Урлаева.

Е.Урлаева, шунингдек, ҳокимликнинг бу сукути розилик белгиси сифатида қабул қилиниши, 1 июнь куни Президент Ислом Каримов сиёсатини қоралаб норозилик митинги ўтказилишини билдирди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячи Абдужалил Бойматовнинг таъкидлашича, у май ойида Ўзбекистон ҳукумати томонидан мухолифатдаги партиялар ва хорижий журналистларга нисбатан тазйиқлар янада кучайтирилганидан, 28 март куни Чорсу бозорида милиционер томонидан уриб ўлдирилган Аҳмаджон Турдиевнинг қотили устидан жиноят иши қўзғатилмаётганидан норозилик билдирмоқда.

“Озодлик” мухбири воқеа жойида бўлганида оддий фуқаролар пикетчиларнинг плакатларини қизиқиш билан ўқиётганига гувоҳ бўлди. Шундай фуқаролардан бирининг айтишича, мамлакатда ноҳақлик кўп. Айниқса, ҳуқуқ-тартибот ходимларининг зўравонликлари кучайган. Қурби етган аҳоли Ўзбекистондан хорижга чиқиб кетишга ҳаракат қилмоқда. Халқ бу ердаги аҳволдан тўйган.

Шаҳар ҳокимлиги вакиллари пикетчилар билан мулоқотга чиқмади.
XS
SM
MD
LG