Линклар

Ҳиндистонда янги Бош вазир қасамёдга келтирилди.

  • Ҳасанжон

Ўтган ҳафта Ҳиндистон Конгресс партияси мамлакатда бўлиб ўтган умумий сайловларда сайловчиларнинг энг кўп овозини олиб, ғалабага эришган эди. Бироқ Конгресс партияси раҳбари – суиқасд натижасида ўлдирилган собиқ Бош вазир Ражив Гандининг беваси, Италияда туғилган Соня Ганди мамлакат Бош вазири бўлишни рад этганидан кейин, Бош вазир лавозимини партия етакчиларидан бири Манмохан Сингх эгаллади. 22 май куни Деҳлида Сингҳ қасамёдга келтирилди. Ҳиндистондаги сиёсий воқеаларни ҳамкасбимиз Ҳасанжон матбуот орқали яқиндан кузатиб келмоқда.

22 май куни Ҳиндистон пойтахти Деҳлидаги Президентлик саройида мамлакат Президенти Абдул Калам Конгресс партияси лидери Манмохан Сингхни қасамёдга келтирди.

Тантанали маросимда Сингх мамлакатнинг 14-Бош вазири сифатида қасамёд қилди:
“ Мен, Манмохан Сингх, Худо номи билан, Ҳиндистон конституциясига қонунларда белгиланганидек, халол ва садоқат билан хизмат қиламан ”, - деди Манмохан Сингх.

Тахминан 3 соат давом этган тантанали маросимда Сингхдан кейин Ҳиндистоннинг жами 67 нафар вазири бирин-кетин қасамёд қилдилар. Улардан 28 нафари янги ҳукумат аъзоларидир. Қайси вазир мамлакатнинг қайси соҳасини бошқариши 23 май куни эълон қилиниши кутилмоқда. Бош Вазирнинг қасамёдга келтирилиши маросимида мамлакатдаги сиёсий партиялар вакиллари ҳам иштирок этдилар.

Ф.С. Ҳасанжон, шу ўринда Ҳиндистон Бош вазири Манмохан Сингх шахсияти ҳақида ҳам маълумот бериб ўтсангиз. У ўзи ким, қайси соҳа мутахассиси?

Фарангис, Манмохан Сингх 71 ёшда, мутахассислиги бўйича иқтисодчи. Шуни эслатиб ўтиш лозимки, бир миллиарддан ортиқ Ҳиндистон аҳолисининг 82 фоизини ҳиндлар, тахминан 12 фоизини мусулмонлар ва атиги 2 фоизини сикхлар ташкил этади. Манмохан Сингх мамлакатдаги озчиликни ташкил этувчи ана шу сикх миллатига мансуб. У Ҳиндистон тарихидаги биринчи ҳинд бўлмаган Бош вазир бўлди. Манмохан Сингхнинг кўплаб партиядошларидан фарқи шундаки, у бир неча ўн йил мобайнида сиёсат билан шуғулланмаган.

Кўпчилик, сиёсий соҳада у тажрибасиз эканини айтмоқда. Манмохан Сингх олим, профессор. БМТ ва ҳукумат идораларида ишлаган. 1991 – 1996 йиллар давомида мамлакат Марказий банкига раислик қилган. 90-йилларда у иқтисодий ислоҳотларни бошлаган. Уни кўпчилик Ҳиндистондаги ана шу иқтисодий ислоҳотлар отаси, деб атайди.

Ф.С.: Ҳасанжон, сайловлардан кейин Ҳиндистон биржаларида кўрсаткичлар кескин пасайиб кетган эди. Манмохан Сингхнинг Бош вазир бўлгани вазиятнинг ўнгланишига қанчалар таъсир этиши мумкин?

Фарангис, Конгресс партияси ўзининг сайловолди дастурида камбағал аҳолининг турмуш шароитини яхшилашни ваъда қилган. Шу сабабли кўпчилик сайловчилар Конгресс партияси номзодларига овоз берган. Сайловларда собиқ Бош Вазир Атал Бихари Важпайи бошчилигидаги миллатчи БиЖейПи партияси мағлубиятга учраганидан кейин мамлакат биржаларидаги кўрсаткичлар кескин тушиб кетди. Чунки, тадбиркорлар сўнгги йилларда барқарор иқтисодий ривожланишга асосий сабаб бўлган иқтисодий ислоҳотлар жараёнини Конгресс партияси етакчилигидаги ҳукумат коалицияси тўхтатиб қўйиши мумкинлигидан ташвишга тушди.

Бироқ Сингапурдаги “Robust Economic Analyst” маркази таҳлилчиси Пра-сен-жит Ба-су-га кўра, Ҳиндистондаги иқтисодий ислоҳотларга асос солган Манмохан Сингхнинг Бош вазир лавозимини эгаллаши мамлакат биржаларида вазият барқарорлашишига ижобий таъсир кўрсатади.

Айни пайтда, кузатувчилар Ҳиндистон Бош Вазири Манмохан Сингх иқтисодий соҳада ўз вазифасини кўнгилдагидек бажаришини тан олиш баробарида, унинг сиёсий соҳадаги қобилияти ҳали синовдан ўтмаганини таъкидламоқдалар.
XS
SM
MD
LG