Линклар

КАНН КИНОФЕСТИВАЛИ: "ФАРАНГЕЙТ 9/11" ҒОЛИБ

  • Ҳурмат Бобожон

Америкалик кинодокументалист ва режиссер Майкл Мурнинг "Фаренгейт бўйича 9/11" филми Канн фестивалининг "Олтин Палма" мукофотига сазовор бўлди.

Квентина Тарантино бу йилги Канн кинофестивали ғолибини эълон қилар экан "Олтин Палма" "Фаренгейт бўйича 9/11" филмига берилаётганидан жюри хайъати фахрланишини айтди.

Ўзининг аксил Буш чиқишлари билан танилган америкалик кинодокументалист ва режиссер Майкл Мурнинг "Фаренгейт бўйича 9/11" филми 2001 йил 11 сентябр воқеалари ва Американинг ундан кейин бошлаган террорчиликка қарши кампанияси ва Ироқ уруши ҳақидадир. Муаллиф воқеаларни ёритишни 2000 йилги президентлик сайловолди пойгасидан бошлайди. Аввал америка телеканаллари демократ Ал Горни сайловда ютиб чиқди деб эълон қилиши, сал ўтиб эса "Фокс" канали овозларни хисоблашда хато кетганини ва ғолиб Гор эмас республикачи Буш эканини маълум қилиши акс этган тасвирлар филмдан жой олган.

"Фаренгейт бўйича 9/11" филмида асар муаллифи АҚШ Президентини 2001 йил 11 сентябр воқеаларига қадар террорризм хавфига лоқайд ёндашганликда айблар экан, уни "рулда ухлаб қолган ҳайдовчи"га қиёслайди.

Канн фестивалининг "Олтин Палма" мукофоти "Фаренгейт бўйича 9/11" филмига берилиши унинг муаллифи Майкл Мур учун кутилмаган воқеа бўлди. Чунки асосий мукофотга даъвогар филмлар орасида бу асар йўқ эди. Майкл Мур юксак мукофот учун жюри ҳайътига миннатдорчилик изхор этар экан, бундай эътироф америкалаликларни ҳам "Фаренгейт бўйича 9/11" ни кўришга мажбурлашини айтди: "Бугун бу ерда юз берган воқеа шарофати билан менда америкаликлар ҳам бу филмни томоша қилишларига ишонч туйғуси пайдо бўлди. Сиз филм устидаги кўрпани олиб ташладингиз. Кўплар ҳақиқатни эл кўзидан яширмоқчи бўлишади. Ўз қарорингиз билан Сиз халққа ошкор қилдингиз", - деди Майкл Мур.

"Фаренгейт бўйича 9/11" филми Дисней студияси қошидаги Мирамакс ширкати орқали Америкада кинопракатга чиқиши керак эди. Аммо, Дисней бу асар тарқалишига қарши чиқди. Эндиликда Майкл Мур бошлиқ кино ижодкорлари учинчи ширкатлар орқали уни катта экранларга чиқаришга ҳаракат қилмоқдалар.

Бу асар ҳақидаги таҳлилчилар фикрлари турлича. Холивуд нашри ҳисобланган "The Hollywood Reporter" газетаси "Мур ўз кино асари орқали бўлғуси президентлик сайловларига таъсир қилишга уринмоқда" деб ёзса, "Вэрайети" номли яна бир кино нашри "Фаренхайт бўйича 9/11" филмини кутилгандан анча суст асар дея таърифлаган. Шу боис кузатувчилар Канн фестивалида сиёсат санъатдан устун келганини таъкидлашмоқда.

Канн фестивалининг бошқа совриндорлари ҳақида тўхталадиган бўлсак, фестивалнинг Гран-при соврини жанубий кореялик режиссер Пак Чан Вукнинг "Мўйсафит бола" филмига, жюри хайъатининг махсус мукофотлари эса таиландлик режиссер Апичатпонг Веерасатгулнинг "Тропик касаллик" филми ҳамда "Аёл қотиллари" филмида бош ролни ўйнаган Ирма Холлга насиб этди. Энг яҳши режиссура учун мукофоти франциялик Тони Галифга "Сургун қилинганлар" филми учун берилди. "Ҳеч ким билмайди" филмида ўйнаган япониялик Ягир ЮЮя энг яхши эркак актёр, гонгконглик Мэгги Чанг эса "Шип шийдон" филмидаги образ учун фестивалнинг энг яҳши аёл актрисса мукофотига лойиқ деб топилдилар. Энг яҳши дебют асар учун бериладиган Канн фестивалининг "Олтин Камера" совринини режиссер Керен Йедая қўлга киритди. Энг яҳши сценарий учун мукофот "Менга қара" деб номланган француз филмига берилди.
XS
SM
MD
LG