Линклар

Умидсизлик гиёҳвандликка ундайди


Феруза Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда расман рўйхатга олинган гиёҳвандлар сони 22 мингдан ортиқдир. Норасмий манбаларнинг эътирофича, мамлакат қишлоқларида гиёҳвандликка рўжу қўйганлар орасида ёшлар ва ўрта ёшли кишилар кўпчиликни ташкил этади.

Расмий маълумотларга қараганда, гиёҳвандларнинг 42 фоизи вилоятларда яшайди. Мамлакатдаги жами бангиларнинг 11 мингдан ортиғи героин истеъмол қилади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш марказининг бўлим бошлиғи Александр Артёмовнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда ўтган йили 2947 нафар янги гиёҳванд рўйхатга олинган бўлиб, 2730 банги рўйхатдан ўчирилган. 2003 йилда гиёҳвандлар сонининг ўсиши 2002 йилга нисбатан бир фоизни ташкил этган. Бироқ бу борадаги кўрсаткичлар камайиб бораётган бўлса-да, наркотик ва психотроп моддалар истеъмол қилиш муаммосига қарши курашиш долзарб бўлиб турибди.

А.Артёмовнинг сўзларига қараганда, аёллардаги гиёҳвандликни даволаш анча оғир кечади. Чунки уларнинг асаб тизими турли таъсирларга берилувчандир.

Владимир исмли собиқ бангининг айтишича, гиёҳвандликка олиб келувчи турли сабаблар мавжуд. Кўп ҳолларда сурункали асаб бузилишлари, руҳий изтироблар, баъзан қизиқувчанлик наркотик моддаларни истеъмол қилишга ундайди. Бошда оз-оздан қабул қилиш кейинчалик унга боғланиб қолишга олиб келади. Организм гиёҳванд моддани талаб қилган пайтдаги оғриқ жуда азоблидир. Бундай пайтда наркоман гиёҳванд модда берувчининг ҳар қандай талабини бажаришга тайёр бўлади. Улардан ҳар нарса кутиш мумкин.

Бир ўзбек келинчаги турмуш ўртоғи ҳақида шундай деди:

“Хўжайиним кўчадаги ўртоқларига қўшилиб, гиёҳванд бўлиб қолди. Ота-онаси бундан хабар топиб, оёқ-қўлини боғлаган ҳолда уни бир ҳафта давомида алоҳида уйга қамаб қўйди. Унинг бу пайтдаги ҳолатини эслаш даҳшат. Худди қафасдаги қутурган шерга ўхшарди. Уй қамоғидан кейин эрим бир неча ой давомида наркотик модда истеъмол қилмай юрди. Бироқ ҳозир яна шу балога рўжу қўйган. Ҳар қанча даволатсак ҳам фойдаси бўлмади”.

Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган гиёҳвандлар ва фоҳишаларга кўмаклашиш халқаро ташкилоти кўнгиллиси Натальянинг билдиришича, фоҳишалар орасида бу ишни фақат тирикчилик учун қилаётганлари, шунингдек, бойиб кетганлари ҳам бор. Пулдор танфурушларнинг аксарияти наркотик моддалар қабул қилади ва шерикларини ҳам шунга ўргатади. Албатта, фоҳишалар ўртасида бу ярамас одатнинг тарқалишига маълум сабаблар бор. Баъзилари гиёҳванд модда истеъмол қилиб, ўз ишининг нохуш жиҳатларини унутишга интилади.

Натальянинг эътирофича, қишлоқлардаги турмушнинг оғирлиги, орзу-умидлар ушалишига бўлган умидсизлик, айниқса, ёшлар ўртасида гиёҳвандлик кенг тарқалишига сабаб бўлмоқда.
XS
SM
MD
LG