Линклар

logo-print

Наманганда сув омбори қурилмоқда

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон ҳукумати Фарғона водийсида мавжуд сув тақчиллиги муаммосини ҳал қилиш учун Наманган вилояти ҳудудида “Резаксой” сув омборини қуриш ишларини бошлаб юборди.

Мамлакат экинзорларнинг катта қисми Сирдарё суви билан суғорилади. Бироқ дарё сув унча зарур бўлмаган қиш фаслида тўлиб-тошиб оқади, айни саратонда эса туби кўриниб қолади. Бироқ собиқ иттифоқ даврида бу каби муаммо унча кўзга ташланмасди. Мутахассисларнинг айтишича, илгари сув Марказий Осиёнинг барча республикаларига бир хилда тақсимлаган. Қирғизистондаги Тўхтағўл сув омборида қиш мавсумида сув йиғилиб, ёзда бир маромда Сирдарёга ташланган. Ҳозир эса Қирғизистон бу сув омборидан қишда электр энергияси олишда фойдаланяпти. Натижада ёзда бу ерда етарли сув бўлмаётир.

Кузатувчиларнинг фикрича, Марказий Осиё давлатлари бу муаммони ҳал қилишда ягона тўхтамга кела олмаяпти. Шунинг учун Ўзбекистон ҳукумати водийни сув билан таъминлаш мақсадида “Резаксой” сув омборини қуришга киришган.

Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати раҳбари Малик Қодировнинг сўзларига қараганда, бу сув омбори яқин келажакда водийдаги сув танқислиги муаммосини анча енгиллаштиради.

Режага кўра, “Резаксой” сув омбори икки босқичда қурилади. Биринчи босқич учун Ўзбекистон ҳукумати 23 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратган. Келаси йилнинг ёзида баландлиги 48 метрлик тўғон қуриб битказилиши керак. Бу босқичда омборга 50 миллион куб метр сув тўпланади. 2008 йилгача қурилишнинг иккинчи босқичи ҳам тугалланиб, тўғон баландлиги 114 метрга етказилади. Ўшанда сув омборида 650 куб метр сув тўплаш имконияти пайдо бўлади.

“Наманган ҳақиқати” газетаси ходими Мўминжон Сулаймонов мазкур сув омборининг аҳамияти катта эканини таъкидлади. Унинг сўзларига қараганда, “Резаксой” тўла ишга туширилгач, Фарғона водийсининг нафақат Ўзбекистон қисми, балки Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод вилоятлари, Тожикистоннинг бу ҳудудда чегарадош туманларида ҳам сув тақчиллиги муаммоси ечилади.

М.Сулаймоновнинг билдиришича, сув омбори икки адир оралиғида қурилмоқда.

Яқинда бу ердаги қурилиш ишлари билан танишган М.Сулаймоновнинг таъкидлашича, сув омбори аҳоли хавфсизлигига таҳдид қилмайди. Чунки у жуда мустаҳкам бунёд этилмоқда.

Ўзбекистон давлат сув хўжалиги назорати инспекцияси етакчи мутахассиси Хурсанд Тошев инспекция ходимлари мазкур қурилиш лойиҳаси билан таниш эмаслигини маълум қилди. Унинг айтишича, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги бу лойиҳани инспекция билан келишмасдан амалга оширмоқда.

Шу ўринда эслатиб ўтамиз, мустақилликдан сўнг Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларини Фарғона водийси билан боғлайдиган, Тожикистоннинг Сўғд вилояти орқали ўтадиган ягона автомобиль йўлида қатнов тўхтатиб қўйилган эди. Шундан сўнг Ўзбекистон ҳукумати Қамчиқ довони орқали янги йўл қуриш ишларини қисқа муддатда якунлади. Тожикистон темирйўл орқали нефть маҳсулотлари ташиш учун ҳам катта маблағ талаб қилгач, Ўзбекистон ҳукумати нефть маҳсулотлари ташийдиган махсус юк машиналари сотиб олиб, бу муаммони ҳам қилганди. Ҳозирги вақтда бу машиналар Қамчиқ довони орқали Фарғонага қатнамоқда.
XS
SM
MD
LG