Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:29

"Freedom House": Европа Иттифоқи ва собиқ коммунистик давлатлар ўртасида демократия даражасидаги тафовут катталашмоқда


Сешанба куни "Freedom House" ("Озодлик Уйи") ташкилоти ўтиш давридаги собиқ коммунистик давлатларда демократик жараёнлар қандай кечаётганига оид навбатдаги йиллик ҳисоботини эълон қилди. Мазкур ҳисоботда ташкилот 2004 йили Шарқий Европа ва собиқ Совет республикаларида демократик ислоҳотлар қандай олиб борилаётганини таҳлил этади.

Дунё давлатларида демократик жараёнларни кузатиб борувчи Американинг "Freedom House" ташкилоти ўзининг навбатдаги ҳисоботида Европа Иттифоқи ва собиқ коммунистик давлатлар ўртасида демократия даражасидаги тафовут катталашиб бораётганини баён қилди. Ташкилотнинг бу йилги ҳисоботида айтилишича, 1 май куни Европа Иттифоқининг янги аъзолар ҳисобидан кенгайиши Марказий Европа ва Болтиқ бўйи минтақасидаги барқарор демократик жамиятлар ва ислоҳотлар суст олиб борилаётган собиқ Совет давлатлари ўртасида аниқ бўлинишни белгилаган.

"Freedom House" ташкилотининг Будапештдаги ваколатхонаси рахбари Кристи Эвенсон ушбу ҳисобот 10 йил аввал бошланган тадқиқотларнинг бир қисми эканини айтади.

"Ҳисоботдан мақсад Марказий, Жануби-Шарқий Европа ва Евросиё минтақасида ўтиш жараёнларининг мунтазам кузатувини таъминлашдир. Тадқиқотлар сиёсий тараққиётнинг муҳим жиҳатлари бўлмиш матбуот, эркин ва адолатли сайловлар, қонунчилик соҳасидаги ислоҳотлар қандай олиб борилаётганини ўлчашнинг ўзига хос воситасидир", - дейди Кристи Эвенсон.

"Freedom House" ҳисоботида у ёки бу давлатнинг демократия даражаси 7 баллик ўлчов бўйича баҳоланган. 1 балл демократик ривожланишнинг энг баланд кўрсаткичи, 7 балл эса демократик жараёнлар қуйи даражада эканини англатади. "Freedom House" ташкилоти собиқ Совет давлатларидаги сайлов жараёнлари, фуқаролик жамияти, мустақил матбуот, давлат бошқаруви, коррупция ва ҳуқуқий муҳитни ўрганиб чиқиб, Болтиқ бўйи мамлакатларидан ташқари қолган республикаларда демократик ислоҳотларда ортга қайтиш кузатиляпти, деган хулосага келган. Ташкилот вакили Кристи Эвенсон бу ҳақда шуларни айтади:

"Россияда бундай ортга қайтиш ўтган йилдан буён энг сезиларли бўлди. Озарбайжон, Молдова ва Украинада ҳам кўрсаткичлар тушди. Марказий Осиё давлатларида ҳам вазият ёмонлигича қолди", - дейди Кристи Эвенсон.

Шундай бўлса-да, "Freedom House" Россия демократик даражасини 5.25 балл билан баҳолаган. Агар буни бошқа собиқ Совет давлатлари - Беларус, Озарбайжон ва Марказий Осиёнинг беш республикаси билан солиштирсак Россия демократик ислоҳотларни ўтказишда нисбатан яҳшироқ кўрсаткичга эга эканини кўрамиз.

Ҳисоботда Қирғизистонга 5.67, Тожикистонга 5.71, Қозоғистонга 6.25, Ўзбекистонга эса 6.46 балл берилган. Ўзбекистонда авторитар бошқарувнинг мавжудлиги, матбуот устидан назорат, инсон ҳуқуқлари бузилиш холлари Тошкент ҳукумати зиммасига олган халқаро мажбуриятларга зад экани айтилади "Freedom House" ҳисоботида. Собиқ Совет давлатлари орасида Ўзбекистоннинг демократия борасида энг оҳирги ўринга тушиб қолишига эса фақат Белорус ва Туркманистон соя солмоқда. "Freedom House" Белорусга 6.54, Туркманистонга 6.88 балл берган. Ташкилот вакиллари бу каби пост-коммунист давлатлари рахбарларини сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларга ундаш борасида янгича ёндашув лозимлигини айтишмоқда.

"Ғарб давлатлари раҳбарлари ислоҳотларни суст олиб бораётган ҳукуматларга босим қилиб, уларни инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинишини таъминлаш, қонун устиворлиги, эркин ва мустақил матбуотни рағбатлантириш, самарали ва шаффоф бошқарувни амалга оширишга ундаши лозим", - дейди Кристи Эвенсон.
XS
SM
MD
LG