Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:42

Ҳақиқатчи Бакир ўғли Бишкекда матбуот анжумани ўтказди


"Қирғизистон Республикаси Омбудсмени – Ҳақиқатчи Турсунбой Бакир ўғли (жаноб Бакир ўғлининг лавозими расман "Ҳақиқатчи", деб аталади - С.У.) 24 май куни Бишкекда ўтказган матбуот анжуманида Ўзбекистоннинг махсус хизматлари вакиллари Қирғизистон ҳудудида айғоқчилик қилибгина қолмай, қирғизистонликларни ўғирлаб кетиб, Ўзбекистонда судлаяптилар деди, - деб хабар қилди Озодликнинг Бишкекдаги мухбири, - бу ҳолат эса, Ҳақиқатчига кўра, қирғизистонлик фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини бузишдир".

Турсунбой Бакир ўғлининг журналистларга маълум қилишича, Ўзбекистон Республикаси Андижон вилояти Ички Ишлар бошқармаси ходими, капитан Шуҳрат Юсупов шу йил 14 май куни Ўш вилоятининг Қорасув шаҳридаги Жоме масжидига жума намози учун йиғилганларни яширин тарзда видеотасвирга тушираётган пайтда намозхонлар томонидан ушланган. "Унга Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ёрдам берган", - деган Турсунбой Бакир ўғли.

Бир гуруҳ қорасувликлар мазкур воқеа юзасидан Ҳақиқатчига арз қилганлар ва аризага исми зикр этилган милиция ходимидан тортиб олинган видеотасма илова қилинган. Матбуот анжуманида Турсунбой Бакир ўғли, жумладан, шундай деди:
"Қирғизистонликларнинг ҳуқуқларини бузиб, айниқса, Конституциянинг 16-моддасини ва бошқа бир қатор қонунларни бузиб, Қирғизистоннинггина эмас, Ўзбекистоннинг ҳам милиция ходимлари видеокамера билан яширин тарзда масжиддаги жума намозини тасвирга туширишган. Қайси мақсадда тасвирга туширишгани маълум эмас. Чунки, Ўш милицияси ходимлари ҳам, Миллий Хавфсизлик хизмати ҳам аниқ жавоб беришдан қочишаяпти".

Т.Бакир ўғлининг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг куч ишлатиш салоҳиятига эга идоралари ходимларининг Қирғизистон ҳудудига ўтиб, қирғизистонликлар ортидан яширин назорат олиб бориши Конституцияни бузишдир. У фикрини бундай давом эттирди:
"Конституцияда ёзиб қўйилган: диний эътиқод бўйича, йиғилиш эркинлиги бўйича ҳеч ким бошқа биров тўғрисидаги маълумотни яширин, қонунга зид тарзда тўплаши мумкин эмас".

Қирғизистон Омбудсмени Ўзбекистонннинг куч ишлатиш салоҳиятига эга идоралари ходимларини қўллаб-қувватлаб, уларга кўмаклашганлари учун Қирғизистоннинг ҳуқуқ-тартибот органларини танқид қилди. Турсунбой Бакир ўғлининг фикрича, бошқа давлат органлари ходимларининг Қирғизистон ҳудудида фаолият олиб бориши шпионаж сифатида баҳоланиши керак эди. "Бироқ, энг афсусланарлиси, Қирғизистон ҳокимияти бунга қаршилик кўрсатмаяпти", деди Турсунбой Бакир ўғли.

Қирғизистон Омбудсменининг маълумотларига қараганда, 14 май куни Қорасув шаҳри Жоме масжидида рўй берган воқеа - Ўзбекистон ҳокимиятининг Қирғизистон ҳудудида амалга оширган биринчи иши эмас. Қирғизистон ҳудудига кириб, бу ердаги миллати ўзбек фуқароларни ўғирлаб кетиб, судлашни одатга айлантириб олишган, деди Қирғизистон Oмбудсмени ва фикрини мана бундай давом эттирди: "Депутатлигим пайтда мен депутат Мадумаров билан бу масалани кўтарганмиз. Ўзбекистоннинг махсус хизматлари бизнинг 24 фуқарони Қирғизистон ҳудудидан ўғирлаб кетиб, узоқ муддатларга озодликдан маҳрум қилганини айтганмиз. Бу масала бўйича Қирғизистон томонидан ҳеч қандай чора кўрилган эмас. Шунинг учун ҳам Ўзбекистоннинг махсус хизмат вакиллари йил сайин Қирғизистонга келиб, бизнинг кишиларни ушлаб олиб кетишаяпти. Ёки баъзилар бедарак йўқолмоқда. Масалан, ўзганлик бир мулла бедарак йўқолган".

Озодликнинг Бишкекдаги мухбири Қорасувдаги Жоме масжидида бўлган воқеа гувоҳи, ўзини Машраб Муҳаммадаюб, деб таништирган йигит билан ҳам суҳбатлашган. Унинг айтишича, Ўзбекистон маъмурлари Қирғизистоннинг миллати ўзбек фуқароларини, асосан, Хизб ут-Таҳрир аъзоларини таъқиб қилади.

"Валижон исмли 1974 йилда туғилган қирғизистонлик йигитни Ўзбекистонга олиб ўтиб кетишган. Уни Қорасув Ички Ишлар бўлимида ишлаган Роман Арзиқулов олиб бориб берган. Валижонни 12 йилга озодликдан маҳрум қилишган", -
деган Озодлик мухбирига қорасувлик Машраб Муҳаммадаюб.

***
XS
SM
MD
LG