Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:06

Қозоғистонлик мутахассислар Хитойнинг икки мамлакат ҳудудларидан ўтадиган дарёлар сувидан келишилмаган ҳолда фойдаланаётганидан ташвишланмоқда.


Ҳасанжон, Садриддин “Тоза табиат” рукнининг аввалги сонида Россия ҳукуматининг Киото протоколига қўшилиш-қўшилмаслиги хусусида сўз борган эди. Рукннинг бугунги сонида Марказий Осиёдаги давлатлар чегара ҳудудларидан оқиб ўтувчи дарёлар сувидан оқилона фойдаланиш муаммолари ҳақида сўз боради.

Глобал иқлим исиб бораётгани сайин аҳолининг сувга талаби ҳам ошмоқда. Айни пайтда, чучук сув заҳираси ҳисобланган мангу музликлар кичраймоқда. Қадим замонлардан бери сув муаммо бўлиб келган Марказий Осиё минтақасида бугунга келиб сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш масаласида минтақа давлатлари орасида муштарак ёндашув ишлаб чиқилмаган. Масалан, Хитой ҳукумати Қозоғистон билан чегара ҳудудлардан оқиб ўтадиган Хоргос, Или, Иртиш ва Текес дарёлари сувидан бемаслаҳат бир томонлама фойдаланмоқда.

Пекин ҳукумати Шинжон Уйғур автоном вилоятига мамлакатнинг марказий минтақаларидан миллионлаб хитойларни кўчирмоқда. Улар асосан қишлоқ хўжалиги шунингдек саноат соҳасида ишламоқда. Бу ишлар эса қўшимча сув талаб қилади. Мана шу эҳтиёжни Хитой дарё сувлари орқали қоплашга уринмоқда.

Маълумотларга кўра, Хитойнинг Қишлоқ хўжалик вазири Ду Цинлин дон етиштириш бўйича яқинда ўтказилган йиғилишда жорий йилда мамлакатда бир миллиард гектар ерга буғдой экилиши ва 455 миллион тонна ҳосил йиғиб олиниши режалаштирилганини билдирди. Хитой ҳукумати Қозоғистон билан чегарадош Шинжон вилоятида қўриқ ерларни ўзлаштириш ҳисобидан экин майдонларини кенгайтирмоқда. Янги майдонлар чегара ҳудудларидан оқиб ўтадиган дарёлар суви билан суғорилмоқда.

Бу ҳолат қозоғистонлик экологларни ташвишга солмоқда. Қозоғистондаги “Табиат” номли экологик ҳаракат раҳбари Мэлс Элеусизов Озодлик радиосига Хитой хукуматининг икки мамлакатдан ўтувчи дарёлар, айниқса, Или дарёси сувидан бемаслаҳат фойдаланиши минтақада Орол каби экологик фожиани юзага келтириши мумкинлигини айтади:

“Агар Хитой Или дарёси сувининг 15 фоизини ишлатадиган бўлса, Балхаш кўлида ҳам Орол каби фожиа бошланади. Уч миллиондан ортиқ аҳоли экологик фожиа зонасида қолади. Балхаш жуда нозик кўл. Унинг ўртача чуқурлиги атиги 6 метрни ташкил этади. Шу сабабли, Балхашда Орол фожиасининг такрорланиши хавфи бор”, - дейди қозоғистонлик мутахассис.

Айни пайтда, Қозоғистоннинг Хитойдаги собиқ элчиси Мурат Авезовнинг Озодлик радиосига айтишича, Хитой ҳукумати Қозоғистон билан келишмаган холда икки мамлакат ҳудудларидан ўтадиган дарёлар сувидан фойдаланиб, сув омборлари қургани ҳам минтақа экологиясига салбий таъсир этади:

“Хитой Қозоғистонни сув билан таъминлайдиган икки дарё, яъни, Қора Иртиш ва Или дарёси сувини ўз манфаати йўлида бошқа томонга оқизмоқда. Қора Иртишда сув омбори қурилган. Мазкур омбор Хитойнинг Сарамой минтақасини сув билан таъминлайди. Или дарёси бўйида ҳам унча катта бўлмаган сув омбори қурилган. Ҳар иккиси Хитойни зарур миқдорда сув билан таъминлай олади”, - дейди Қозоғистоннинг Хитойдаги собиқ элчиси Мурат Авезов.

Айни пайтда, эколог Мэлс Элеусизов агар Балхаш кўли Орол каби қурий бошласа, кўл ўрнида пайдо бўлган туз шамол орқали Тяншан тоғ музликларига етиб бориши ва бунинг натижасида музликларнинг эриш жараёни тезлашиши, шунингдек, Қозоғистон жанубидаги энг ҳосилдор тупроқ шўрланишини айтади:

“Барча ҳудудлар, айниқса Алмати вилоятидаги энг ҳосилдор ерлар ва тоғ зоналари Балхаш тузи билан қопланади. Шу билан бирга, музликларнинг эриши ҳам тезлашади. Мазкур музликлар эса Марказий Осиё, қолаверса Хитойнинг шимолий минтақаларида яшовчи аҳолининг асосий ичимлик суви манъбаси ҳисобланади. Агар музтоғлар бўлмаса, минтақа чўлга айланади”, - дейди Қозоғистондаги “Табиат” номли экологик ҳаракат раҳбари Мэлс Элеусизов.

Хўш, Марказий Осиёдаги бошқа дарёлар, хусусан Сир ва Амударё сувидан фойдаланиш ҳозирда қандай йўлга қўйилган? Минтақа давлатлари узоқни кўзлаб, сув ресурсларидан келишиб фойдаланяптими? Ҳозир эътиборингизга хавола этиладиган лавҳада Тошкентдаги ҳамкоримиз Садриддин ана шу ва бошқа саволларга жавоб топишга ҳаракат қилган. Сўз ҳамкоримизга.

Ўтган асрнинг 60-70-йилларидан бошлаб Амударё ва Сирдарё суви Орол денгизига етиб бормай қўйди. Тобора қуриб бораётган Оролнинг атроф-муҳитга қанчалик зарар келтирилаётгани ҳақида кўп гапирилган. Бугун эса Амударё ва Сирдарёга ҳам турли хавфлар таҳдид соляпти.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу икки дарёнинг суви тобора камайиб бораётган бир пайтда яқинда Афғонистон ҳукумати Амударёдан сув олиб мамлакат шимолида янги ерларни ўзлаштиришга қарор қилган. Турманистон Президенти Сапармурод Ниёзов ҳам Амударёдан сув олиш учун катта канал қаздиришга бел боғлаган.

Хўш, бу ишлар қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?

Оролни қутқариш халқаро жамғармаси техник директори Бекдулла Давлатёровнинг айтишича, Амударёдан қўшимча сув олинадиган бўлса, Орол денгизининг ҳозирги сақланиб қолган қисми ҳам йўқ бўлади. Амударёнинг қуйи оқимидаги кўллар қуриб қолади. Натижада мазкур ҳудуддаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёси инқирозга учрайди. Шунингдек, Қорақалпоғистон ва Хоразмда сув тақчиллиги муаммоси янада кучаяди.

Ўзбекистонлик тупроқшунос олим Анвар Тўрахўжаевнинг сўзларига қараганда, Туркманистоннинг Амударёдан сув олиши лойиҳаси жуда қиммат туради. Бунинг устига, қумлик орқали канал ўтказишда жуда кўп сув исроф бўлади. Шу билан бирга, агар бу лойиҳа амалга оширилса, айни пайтда Амударёнинг Оролга етиб бораётган суви миқдори сезиларли даражада камаяди ва минтақадаги мавжуд экологик аҳвол янада оғирлашади.

Маълумотларга кўра, 1998 йилда Сирдарё сувидан фойдаланиш бўйича дарё ҳавзасида жойлашган давлатлар ўртасида шартнома имзоланган. Кузатувчиларнинг эътирофича, бу шартнома фақат қоғозда қолиб кетган. Ҳар бир давлат дарё сувидан ўзи хоҳлаганча фойдаланмоқда. Бунга жорий йилда Чордара сув омборида вужудга келган ташвишли ҳолат ҳам мисол бўла олади.

Б.Давлатёровнинг таъкидлашича, ҳозир Қозоғистон Орол денгизининг Кичик Орол деб аталадиган қисмида тўғон қуриб, уни ажратиб олган. Бу ерга оз бўлса-да, Сирдарё суви тушиб турибди. Бу эса экологик вазиятга маълум даражада ижобий таъсир кўрсатади.

Б.Давлатёровнинг билдиришича, Марказий Осиё давлатлари мазкур икки дарё сувидан фойдаланишда келишиб ишламаса, бу оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Табиат инсон йўл қўйган хатони кечирмайди.
XS
SM
MD
LG