Линклар

БМТ вакили Президент Ислом Каримов билан учраша олмади


Тўлқин Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган БМТ Наркотик моддалар устидан назорат ва жиноятчиликнинг олдини олиш бошқармаси ижрочи директори Антонио Мариа Коста 25 май куни матбуот анжумани ўтказди.

Анжуманда маълум қилинишича, БМТ вакили Марказий Осиё давлатлари бўйлаб расмий сафарга чиққан. У 24-29 май кунлари Ўзбекистондан ташқари Қирғизистон, Тожикистон ва Афғонистонда бўлади. Ушбу ташриф давомида Антонио Мариа Коста мазкур давлатлар раҳбарлари билан учрашиб, минтақада наркотик моддалар устидан назорат ва жиноятчиликнинг олдини олиш масалалари юзасидан мулоқотлар олиб боради.

А.Костанинг сўзларига қараганда, у Тошкентда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Содиқ Сафоев билан учрашган. Шу куни Ўзбекистон Президенти сафарда бўлгани учун у Ислом Каримов билан музокара олиб бормаган. С.Сафоев билан ўтказилган учрашувда Афғонистонда етиштирилган наркотик моддаларни Ўзбекистон ҳудудидан контрабанда йўли билан олиб ўтишни мониторинг қилиш муҳимлигига алоҳида урғу берилган. Чунки 2003 йилда Афғонистонда гиёҳванд ўсимликлардан тарихда мисли кўрилмаган мўл ҳосил олинган. Бу эса мазкур ҳосилдан катта миқдорда героин тайёрланишини билдиради.

А.Костанинг таъкидлашича, Афғонистонда етиштирилган наркотик моддаларнинг чорак қисми Тожикистон, Қирғизистон, Турманистон ва Ўзбекистон ҳудудидан олиб ўтилади. Айни ҳолат Марказий Осиё давлатларининг наркотикларга қарши курашда ҳамкорликни янада кучайтириши лозимлигини англатади.

Матбуот анжуманида маълум қилинишича, контрабанда йўли билан олиб ўтилаётган наркотик моддаларни мусодара қилишда минтақада Тожикистон биринчи ўринда туради. Қирғизистон ҳам бу борада яхши натижаларга эришган.

А.Костанинг айтишича, Ўзбекистон наркотик моддалар мусодараси бўйича паст кўрсаткичга эгалигига, аввало, географик омил сабабчи. Яъни мамлакатнинг Афғонистон билан чегараси нисбатан қисқа, шунга мос равишда бу ердан олиб ўтиладиган наркотик моддалар миқдори ҳам кам.
XS
SM
MD
LG