Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 05:28

Ўзбекистонда ҳомиладор аёлларнинг уч фоиздан ортиғи уйда туғади


Саида Яқинда тақдимоти бўлиб ўтган “Ўзбекистонда аҳоли саломатлиги текшириш тадқиқоти – 2002” номли ҳисоботда мамлакатда оналар ва болалар ўлими сўнгги йилларда кўпайгани қайд этилади.

Ҳисоботда айтишилишича, қишлоқларда чақалоқлар ўлими шаҳардагидан кўра анча юқори. Масалан, шаҳар ҳудудида туғилган ҳар минг чақалоқдан 43 таси нобуд бўлса, қишлоқда бу кўрсаткич 75 тани ташкил этади.

Тошкентда мазкур ҳисоботнинг тақдимоти доирасида она ва бола саломатлигини асраш бўйича ишчи гуруҳнинг йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш иштирокчилари оналар ва болалар ўлими муаммосини ҳал қилиш йўллари хусусида фикр алмашди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, туғруқдан сўнг кўп қон кетиши оналар ўлимига олиб келадиган асосий сабаблардан бири бўлиб қолмоқда. Болалар ўлимини камайтириш учун эса, биринчи навбатда, туғруққача бўлган даврда она саломатлигига жиддий эътибор қаратиш лозим.

Уларнинг эътирофича, ўтказилган тадқиқотлар гўдаклар ўлими меъёрдагидан кам вазн билан туғилган чақалоқлар орасида эмас, балки соғлом чақалоқлар ўртасида кўпайганини кўрсатмоқда. Масалан, Фарғона вилоятида вафот этган болакайларнинг 70-80 фоизи аслида соғлом туғилган.

Мутахассислар туғруқ пайтида шошилинч ёрдам кўрсатиш ишлари яхши йўлга қўйилмаганини билдирмоқда. Уларнинг фикрича, оналар ўлимни камайтириш учун айнан мазкур тизимда фаолият кўрсатадиган ходимларнинг малакасини ошириш лозим.

Тадқиқотлар мамлакатда ҳомиладор аёлларнинг уч фоиздан ортиғи уй шароитида туғаётганини кўрсатди. Бу эса оналар ва болалар ўлимига олиб келаётган омиллардан бири бўлиб турибди.

Тиббиёт соҳаси ходимлари туғишлар ўртасидаги оралиқ даврга риоя қилинмаётгани ҳам муаммонинг урчишига сабаб бўлаётганини айтмоқда. Уларнинг сўзларига қараганда, кўп ўзбек оилаларида аёлнинг туғиш-туғмаслигини эр ҳал қилади.
XS
SM
MD
LG