Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:55

ОИТС наркоман ва фоҳишалар билан тирик


Саида Маълумотларга кўра, 2003 йилда Ўзбекистонда орттирилган иммун танқислиги синдроми – ОИТСни юқтирган 3 минг 365 киши рўйхатга олинган. Уларнинг 59 нафари хорижий давлатлар фуқароларидир.

Маълумотда билдирилишича, ўтган йили мазкур касалликдан 98 киши вафот этган. Сўнгги уч йил давомида ОИТСни юқтирганлар сони уч баробар кўпайган.

Республика ОИТС маркази ходими Ойсара Норқулованинг таъкидлашича, сўнгги йилларда мазкур хасталикни юқтирганларнинг асосий қисми гиёҳвандлардир. Наркотик моддаларни инъекция йўли билан қабул қилувчиларнинг кўпайиб бораётгани мамлакатнинг энг катта муаммосига айланиб боряпти. Энг ачинарлиси, наркоманлар сони аҳолининг энг фаол қисми бўлмиш ёшлар ҳисобига кўпайиб боряпти. Гиёҳвандларнинг 80 фоизи эркаклар, 20 фоизи аёллардир.

О.Норқулованинг сўзларига қараганда, Ўзбекистон бугунги кунда ОИТС тарқалишининг дастлабки босқичида турибди. Агар бутун куч касалликнинг олдини олишга сафарбар этилса, бунинг учун махсус жамғарма ташкил этилса, шунингдек, инъекция йўли билан гиёҳванд моддалар қабул қилувчилар ўртасида профилактик тадбирлар ўтказиш кучайтирилса, ОИТС тарқалишини тўхтатиш мумкин.

Аҳолига хизмат кўрсатиш ташкилоти – Пи-Эс-Ай мувофиқлаштирувчиси Индира Аҳмедованинг айтишича, ОИТСнинг тарқалишига фоҳишалар ҳам сабабчи бўляпти. Шунинг учун айнан шу тоифа аёллар ўртасида мазкур касалликнинг келиб чиқиш сабаблари ва оқибатлари ҳақида кўпроқ суҳбатлар уюштириш зарур. Бундан ташқари, касалликни тарқатмаслик учун фоҳишаларга имконият яратиш ҳам муҳимдир.

“Мақсадимиз фоҳишаларни наркотик қабул қилиш ёки танфурушлик билан шуғулланишдан қайтариш эмас. Аксинча, уларга ўзларининг хатарли фаолияти давомида юқтириб олиши мумкин бўлган турли касалликлар, хусусан, ОИТС ҳақида маълумот бериш, уларни айни хавфдан сақланиш воситалари борлигидан хабардор қилишдир”, - деди И.Аҳмедова.
XS
SM
MD
LG