Линклар

logo-print

Терроризмга қарши курашда инсон ҳуқуқлари масаласи


Азизулло Арол 26 май куни "Халқаро Амнистия" ташкилоти инсон ҳуқуқларига оид йиллик ҳисоботини эълон қилди. Ҳисоботда қайд этилишича¸ АҚШ бошчилигида олиб борилаëтган аксил-террор ҳаракатлари натижасида инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳоллари кескин кўпайган. Ташкилот шунингдек¸ Ал-Қайда каби гуруҳларнинг террор ҳужумларини қоралаб¸ улар дунë халқлари хавфсизлигига таҳдид солаëтганини таъкидлайди. Айни пайтда ҳисоботда Ироқда ўрнатилган АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари маҳаллий аҳоли ҳуқуқларини бузгани танқид қилинади.

Лондонда жойлашган "Халқаро Амнистия" инсон ҳуқуқларини ташкилоти АҚШни терроризмга қарши ҳаракатлари орқали инсон ҳуқуқларини бузганликда айблади.

Ташкилот Бош Котиби Айрин Ханнинг айтишича¸ Буш раҳбарлигидаги АҚШ маъмуриятининг халқаро хавфсизлик ўрнатиш сиëсати узоқ истиқболни кўзламайди ҳамда мустаҳкам принципларга таянмаган.

"Ўтган 12 ойга назар ташланса¸ мен умуминсоний қадриятларга қарши урушни кўраман. Бу урушни бир томонда оддий одамларга қарши ҳар қандай ноинсоний ҳужумга тайëр бўлган қуролли гуруҳлар олиб бораëтган бўлса¸ бошқа томонда инсон ҳуқуқлари ва халқаро принципларни айни тарзда бузаëтган ҳукуматларни кўрамиз" - деди "Халқаро Амнистия"нинг Бош Котиби.

Ташкилот ўзининг 2003 йилги ҳисоботида бир қатор давлатларни инсон ҳуқуқларини бузаëтганлари учун танқид қилган эди.

340 бетдан иборат мазкур ҳисоботда АҚШ ва унинг иттифоқчилари Ироқ¸ Гуантанамо¸ Афғонистон ва бошқа ерларда маҳбусларни қийноқларга солингани ва хўрлангани таъкидланади. Хусусан Ироқдаги Абу Ғраиб қамоқхонаси ва Бағдод халқаро аэропортдаги ëпиқ лагерда АҚШ ва Британия кучлари маҳбусларга узоқ вақт давомида ухлашга имкон бермагани¸ оғриқли ҳолатда ўзоқ ушлаб тургани¸ баланд мусиқа ва кучли ëриқлик каби усуллар орқали таҳқирлангани қайд этилади.

"Халқаро Амнистия" ташкилоти Бош Котиби Айрин Ханга кўра¸ Ироқ уруши туфайли инсон ҳуқуқлари муаммоси долзарб бўлган Чеченистон ва Конго каби жойларга эътибор жиддий камайган.

"Биз АҚШ¸ Британия ва уларнинг иттифоқчилари Ироқда оммавий қирғин қуролларини йўқ қилиш йўлида олиб борган курашини кўрдик. Аммо ҳақиқий оммавий қирғин қуроллари ядровий¸ кимëвий ëки биологик қуроллар эмас¸ кичик ва енгил аслаҳалардир. Айни шу кичик турдаги қуроллар ҳар йили 500 минг кишининг ўлимига сабаб бўлмоқда" - деб таъкидлади Айрин Хан.

Халқаро Амнистия ҳисоботнинг Афғонистонга оид қисмида мамлакатда беқарорлик кучайгани муҳожирларнинг ватанига қайтишларига тўсқинлик қилаëтгани таъкидланади.

Мазкур ҳисоботнинг Ўзбекистонга оид қисмида мамлакат қамоқхоналаридаги олти мингга яқин сиëсий маҳбус жуда оғир ва ноинсоний шароитларда сақланаëтгани қайд этилади. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари¸ ўзгача сиëсий ва диний қарашда бўлган бошқа юзлаб кишиларни таъзийқ қилишгани калтаклаш¸ суд ҳукмисиз узоқ муддат қамоқда ўшлаб туриш ҳамда қийноққа солиш кенг тарқалгани таъкидланади.
XS
SM
MD
LG