Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:26

21 йил аввал музлатилган спермадан бола дунёга келди


Британияда 21 йил аввал музлатилган сперматазоидлардан бола дунёга келди. Бу амалиётни ўтказган Манчестер касалхонаси врачлари ушбу ҳодисани тиббиёт сохасидаги мисли кўрилмаган янгилик сифатида таърифламоқдалар. Айни пайтда, бундай йўл билан болани дунёга келтириш этик ва диний жиҳатдан нотўғри, дегувчилар ҳам бор.

Манчестер касалхонасида дунёга келган боланинг отаси 17 ёшида мояк саратонидан даволанишдан аввал спермасини музлатишга берган. Чунки даволаниш натижасида бепушт бўлиб қолиши мумкинлигини у олдиндан билган. Орадан вақт ўтиб бу йигит уйланади ва кейинроқ эр-хотин бола кўришга ният қилишади. Бунда уларга врачлар ёрдам беришади. Ўтган йил Манчестердаги касалхона врачлари йигитнинг музлатиб қўйилган 20 йил аввалги спермасини нормал холатга келтириб она тухумдонига ўтказишади ва хомилани яратишади.

Тиббиёт сохаси мутахассисларига кўра, бу уникал янгиликдир. Лондонлик генеколог Адриан Ловер Манчестердаги касалхонада ўтказилган тажриба ёшлигида мояк саратонига йўлиққан эркакларга фарзанд кўришлари борасида умид пайдо қилганини айтади.

"Ўйлашимча бу тиббиёт сохасидаги муҳим бурилиш. Бу технологиялар иш бераётганини кўрсатмоқда. Бир неча йил аввал спармасини сақлаб қўйган жуфтликлар эндиликда ўзларини хотиржам хис этишлари мумкин", - дейди лондонлик гинеколог.

"Ройтер" ахборот агентлиги маълумотларига кўра, ҳар йили 50 минг эркак мояк саратонини орттирар ва бундай касаллик айниқса 15-44 ёш оралиғидаги эркакларда кўпроқ учрар экан. Манчестер касалхонасининг репродуктив тиббиёт бўлими консультанти Элизабет Пиз ҳам айни тажриба келажакда ёшлигидан мояк саратонидан даволаниш оқибатида бепуштликка мубтало бўлган эркакларга фарзанд кўриш имконлари очишига ишонади. "Биздаги маълумотларга кўра, 21 йил олдин музлатиб қўйилган спермадан бола туғилиши холлари илгари кузатилмаган. Чунки, агар бундай янгилик бўлса у кенг тарқалган бўлар эди. Аммо, кимдир бундан ҳам узоқ муддат сақланган сперма ёрдамида хомила ярата олган бўлса биз фақат ҳурсанд бўламиз", - дейди Элизабет Пиз.

Аммо, музлатилган спермадан хомила яратиш этик ва диний жиҳатдан қанчалик тўғри. Ироқлик журналист Сами Ал Хўжа бундай йўл билан болани дунёга келтириш Исломга ҳам, қолаверса табиатга ҳам зид эканини айтади. "Ўйлашимча, 21 йил аввал музлатилган спермадан хомила яратиш каби холатлар Исломда ҳаром хисобланади. Чунки, Исломга кўра, ота-онага бола худо тарафидан инъом этилади. Қолаверса, бу табиатга ҳам зид", - дейди ироқлик журналист Сами Ал Хўжа.
XS
SM
MD
LG