Линклар

Қирғизистон муҳолифати парчаланадими? Ёки Миср Аширқулов атрофидаги гаплар


Абдуллоҳ Эргаш Аввалги эшиттиришларимизда Қирғизистон Хавфсизлик Кенгаши котиби Миср Аширқулов муҳолифат билан бирлашиб “Адолатли сайлов учун” ҳаракатини ташкил этгани ҳақида хабар берган эдик. Куни-кеча эса, Миср Аширқулов Президент Асқар Ақаев фармони билан ўз лавозимидан бўшатилди. Қирғизистонлик айрим кузатувчилар бу воқеани сиёсий ўйин қаторида бахоламоқдалар.

2005 йилда Қирғизистонда президентлик сайлови ўтказилади. Президент Асқар Ақаев бўлажак сайловда қатнашмаслигини бир неча марта эълон қилди. Шу аснода, мамлакатдаги сиёсий кучлар ҳокимият учун кураш бошладилар.

Ўтган ҳафтада Қирғизистон Хавфсизлик Кенгаши котиби Миср Аширқуловнинг мухолифат билан биргаликда “Адолатли сайлов учун” ҳаракатига асос солиши, мамлакат аҳолиси назарида олов билан сувнинг бирлашиши каби кутилмаган ҳодиса бўлди. Негаки, Миср Аширқулов сиёсий доираларда Президент Ақаевнинг болаликдаги дўсти ва энг ишончли одами сифатида танилган эди. Ҳафта бошида Президент фармони билан унинг ишдан бўшатилишини эса сиёсатчи ва кузатувчилар “кутилмаган ҳодиса” сифатида баҳоладилар. Шуниси қизиқки, одатда, Президент фармонида давлат амалдорларининг ишдан бўшатилиш сабаблари аниқ қилиб ёзилади. Миср Аширқуловни ишдан бўшатиш тўғрисидаги фармонда эса ҳеч қандай сабаб кўрсатилмаган. Бу ҳақда Президент девони масъуллари матбуотга шарҳ беришдан бош тортмоқдалар. Шу сабабдан ҳам Қирғизистон жамиятида бу борада турли фикрлар айтилмоқда.

Баъзи кузатувчилар “ Сайлов арафасида Ақаевнинг энг ишончли одами махсус тузилган режа асосида ишдан бўшатилиб, мухолифат бирлигини бузиш ҳамда ҳокимиятга амалдаги тизимга қарашли одамни олиб келиш учун мухолифат билан бирлашди”, деган фикрни билдирмоқдалар. Қирғизистон парламенти депутати Ақбўқўн Таштанбеков ана шундай фикрдаги сиёсатчилардан биридир. У “Озодлик” радиоси қирғиз хизматига берган суҳбатида, жумладан, шундай деди:

- Бу ўзига хос сиёсий қадамдир. Агар эртага Миср Аширқулов Президентнинг меросхўри, деб эълон қилинса ҳайрон қолмаган бўлардим. Балки, Президент Аширқуловни лавозимидан бўшатиб, унинг халқ билан яқинлашишига имконият яратиб бермоқчи бўлгандир.

Бу Қирғизистон парламенти депутати Ақбўқўн Таштанбеков фикри эди.

Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, Миср Аширқулов ташкилотчиларидан бири бўлган “Адолатли сайлов учун” ҳаракатининг тўрт лидеридан уч нафари- Атамбаев, Мадумаров ва Эшимкановлар - аввалги сайловларда президентликка ўз номзодларини кўрсатган сиёсатчилардир. Шундан келиб чиқилса, айрим кузатувчиларнинг “Миср Аширқулов мухолифатни ичдан парчалаш учун ҳокимият томонидан кўрсатма олган”, қабилидаги фикрларида жон бордек кўринади. Бироқ, “Адолатли сайлов учун” ҳаракати раҳбарларидан бири, Қирғизистон Парламенти депутати Адаҳан Мадумаров бунга қарши фикр билдиради:
- Миср Аширқулов ҳаракатга қўшилганидан афсусланмайди. У “мен бу қарорни ўзим қабул қилдим ва мен учун ортга йўл йўқ”, деган фикрда. Унга “Ё ҳаракатдан чиқ, ё Хавфсизлик Кенгаши котиблигидан истеъфо бер”, деб шарт қўйишганда, у ҳаракатда қолишни танлади,- деди Адаҳан Мадумаров.

Қирғизистон Парламентининг яна бир депутати Азимбек Бекназаров амалдаги ҳокимият бўлажак сайловларга тайёргарлик кўра бошлади ва сиёсий таъсирни ўз салоҳиятида қолдириш учун барча чора-тадбирларни кўришга киришди, деб фикр билдиради.

- Президент Ўш, Жалолобод ва Боткенга қилган сафари чоғида сайловга ҳали эрта, халқни ҳозирча тинч қўя туринглар, деб, таъкидлаган. Шу билан бирга мухолиф партиялар вакилларининг олдиндан тарғибот ишларини бошлашига йўл қўйманглар, деб кўрсатма ҳам берган. Лекин ҳокимиятнинг ўзи сайловолди тарғиботини бошлаб юборди, -деди депутат Бекназаров.

Унинг фикрича, ҳокимият сайловда ғалабага эришмаслиги учун муҳолифатни ҳар қандай йўллар билан бўлишга ҳаракат қилади ва бунинг учун ўзининг энг ишончли одамларидан фойдаланади.
XS
SM
MD
LG