Линклар

АҚШ: ТЕРРОР ҲУЖУМИ ХАВФИ БОР

  • Ҳурмат Бобожон

Ёз яқинлашаётган сайин, кўплаб мамлакатлардаги каби АҚШда ҳам одамлар таътилни режалаштиряптилар. Аммо бу йил америкаликларни оромгоҳларга бориб дам олиш ёки қариндошларини зиёрат қилишдан кўра, кўпроқ террорчилик хавфи ўйлантираяётган бўлса ажаб эмас. Чорашанба куни АҚШ хавфсизлик идоралари расмийлари Ал Қайда Қўшма Штатларга қарши ҳужум ҳозирлаётгани ҳақида разведка маълумотлари мавжудлиги ҳақида баёнот бердилар.

Чоршанба куни Вашингтонда ўтказилган матбуот анжуманида АҚШ Адлия Вазири Жон Эшкрофт "Ал-Қайда" тармоғи яқин ойлар ичида Америкага қарши террор хуружи ҳозирлаётганини ва бу борада Адлия вазирлиги, Федерал Қидирув Бюроси (FBI), Ички Хавфсизлик Вазирлиги улар таъбири билан айтганда "ишонарли разведка маълумотларига" эга эканини маълум қилди. "Янги йил (байрами)дан сал ўтиб "Ал Қайда" Америка Қўшма Штатларига қарши ҳужум режаси 70 фоизига битганини очиқдан-очиқ баён қилган эди. 11 март кунги Мадриддаги портлашлардан кейин эса ушбу тармоқ вакили Қўшма Штатларга қарши ҳужумга ҳозирликлар 90 фоиз битиб қолганини айтган", - деди АҚШ Адлия Вазири.

"Ал Қайда" ҳозирлик кўраётгани айтилаётган ҳужумлар қай кўринишда бўлади?

Адлия Вазири Жон Эшкрофтнинг айтишича, бу ҳужумларнинг қай кўринишда бўлиши, қолаверса қачон ва қаерда амалга оширилишига оид аниқ маълумот йўқ. Аммо, келаси тўрт ой ичида АҚШда режалаштирилаётган муҳим тадбирлар террор ҳужумларига нишон бўлиши мумкин, деди АҚШ Адлия Вазири.

Тахминларга кўра, Вашингтонда шанба куни ўтиши кутилаётган Иккинчи Жаҳон Уруши хотира тадбири, келаси ой Американинг Жоржия штатида ўтадиган Саккизлик гуруҳи саммити, АҚШ сиёсий партияларининг Ню Йорк ва Бостон шаҳарларида ўтадиган қурлтойлари, 4 июлда бўладиган мустақиллик байрами тантаналари пайтида ҳужумлар содир этилиши хавфи бор.

АҚШ Адлия вазири, шунингдек, "Ал Қайда" Америкада террор ҳужуми уюштириш орқали ноябр ойида ўтадиган президентлик сайловларига таъсир қилишга уринаётган бўлиши мумкинлигини ҳам айтиб ўтди. 11 март куни, яъни Испаниядаги умумий сайловлардан уч кун олдин, Мадрид шаҳрида содир этилган портлашлар Ироқ урушини қўллаб-қувватлаган Хосе Мари Азнар ҳукуматининг мағлубиятга учрашига маълум даражада таъсир қилган эди.

"Ал Қайда" ҳозирлик кўраётгани айтилаётган ҳужумларнинг амалга оширувчилари кимлар?

Матбуот анжуманида қатнашган АҚШ Федерал Қидирув Бюроси рахбари Роберт Муллер журналистларга олти эркак ва бир аёл фотосуратларини намойиш этди. Мюллер бу одамларни "Ал Қайда" аъзолари, деб таърифлар экан, уларнинг айримлари аллақачон Америка ичкарисида бўлиши мумкинлигини айтди. Жон Эшкрофт эса, террорчи деб, шубҳа қилинаётган бу шахслар қуролланган бўлиши мумкинлигини ҳам билдирди. "Идеал "Ал Қайда" аъзоси 30 ёш атрофида бўлиши, бошқалар диққатини жалб этмаслик учун гўё оиласи билан сафар қилаётган одам қиёфасига кириши мумкин. Разведка маълумотларимиз, "Ал Қайда" ўзини европалик қилиб кўрсатмоқчи бўлган одамларни ёллаётганини ҳам тасдиқламоқда", - деди Эшкрофт.

Нега ҳукумат мамлакат бўйлаб хавсизлик чораларини кучайтирмаяпти?

Чоршанба кунги матбуот анжуманида қатнашган АҚШ Ички Хавфсизлик Вазири Том Риж айни саволга жавобан ҳозирда хавфсизлик чораларини кучайтириш учун зарурат йўқлигини таъкидлади. Том Рижга кўра, фақат алоҳида тадбирлар пайти бундай чоралар кўрилиши мумкин. Жон Эшкрофт эса, америкаликларни келаси 2-3 ой давомида хушёрроқ бўлишликка чақирди.
XS
SM
MD
LG