Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:32

Ҳибсхонадаги ўлим сабабини махсус комиссия текширади


Шайбон Маълумотларга кўра, 19 май куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани ички ишлар бўлими ҳибсхонасида қийноққа солиниб ўлдирилган деб гумон қилинаётган 36 ёшли Андрей Шелкавенко иши юзасидан идоралараро махсус комиссия ташкил этилган.

Комиссия таркибига Бош прокуратура, Ички ишлар, Ташқи ишлар ва Адлия вазирликлари, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари миллий маркази, Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсман институти ходимлари жалб этилган. Бундан ташқари, мамлакат Бош прокуратураси ушбу комиссия ишида АҚШ ва Россия элчихоналари, “Freedom house”, “Ҳьюман райтс уотч” ташкилотлари вакиллари кузатувчи сифатида иштирок этишига розилик билдирган.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Светлана Ортиқованинг сўзларига қараганда, тергов-суриштирув ишларида иштирок этиш учун Ўзбекистонга АҚШдан жиноят ҳуқуқи бўйича мутахассис, Канададан суд тиббий экспертлари таклиф этилган. Комиссия 27 май куни ўз ишини бошлаган. Дастлаб А.Шелкавенконинг қабри очилиб, мурда қайта тиббий экспертизадан ўтказилган. Аммо бу экспертиза натижалари ҳали маълум эмас.

С.Ортиқованинг таъкидлашича, мазкур шахснинг ўлими юзасидан идоралараро комиссия тузилишига “Ҳьюман райтс уотч”нинг Тошкентдаги ваколатхонаси тарқатган маълумотлар сабаб бўлган.

“Бу ташкилотда Алисон Гилл исмли аёл ишлайди. У А.Шелкавенко ҳибсхонада қийноққа солингани, калтаклангани, охир-оқибат осиб ўлдирилгани ҳақида маълумот тарқатган”, деди С.Ортиқова.

С.Ортиқованинг сўзларига қараганда, “Ҳьюман райтс уотч” ходимасининг айни хулосалари халқаро кузатувчилар ва экспертлар иштирокида махсус тергов ўтказиб, воқеанинг аслида бундай кечмаганини исботлаб беришни тақозо этган. Қолаверса, мазкур текширув орқали мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолияти жамоатчилик учун очиқ экани исботланади.

Алисон Гиллнинг айтишича, у жасадга қараб хулоса чиқарадиган мутахассис эмас. Шундай бўлса-да, А.Шелкавенконинг жасадини кўздан кечириш пайтида унинг танасида бир неча жароҳатларни аниқ кўрган. Хусусан, марҳумнинг бош қисми ва оёқларида жароҳат излари бор бўлган.

С.Ортиқова эса жасад марҳумнинг жасади яқинларига топширилиш олдидан яхшилаб текширилгани, лекин жароҳатлар аниқланмаганини таъкидлади. Бош прокуратура матбуот котиби А.Шелкавенко аслида ўзини ўзи осиб қўйганини билдирди. Бироқ унинг ҳибсхонада ўз жонига қасд қилишига нима сабаб бўлгани хусусида гапиришни истамади.

Ғазалкент шаҳрилик А.Шелкавенко жорий йилнинг 23 апрель уни уюшган гуруҳ таркибида ўта оғир жиноят содир этганлик, яъни қотилликда гумон қилиниб ҳибсга олинган ва Бўстонлиқ тумани ички ишлар бўлимида сақланган. Орадан 27 кун ўтиб, оила аъзолари А.Шелкавенконинг жасадини олиб кетишган.
XS
SM
MD
LG