Линклар

АҚШ Полвонзоданинг эътирозини қабул қилмайди


Шайбон 27 май куни АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси Ўзбекистон адлия вазири Абдусамат Полвонзоданинг 21 май кунги матбуот анжуманида Америка нодавлат ташкилотлари номига билдирган эътирозлари юзасидан ўз муносабатини билдирди.

Элчихона томонидан тарқатилган баёнотда таъкидланишича, АҚШ А.Полвонзоданинг Америка нодавлат ташкилотлари Ўзбекистон қонунчилигига зид фаолият юритгани, ўз низомларига риоя этмагани тўғрисидаги айбловларини қабул қилмайди.

Эслатиб ўтамиз, А.Полвонзода хорижий ташкилотларни қайта рўйхатга олиш жараёнида уларнинг баъзилари фаолиятида Ўзбекистон қонунчилигига зид ҳолатлар учрагани сабабли расман огоҳлантирилгани ҳақида маълум қилганди. Огоҳлантирилган ташкилотлар сифатида АҚШнинг Миллий демократия институти ва Халқаро республика институтини ҳам тилга олганди. А.Полвонзоданинг таъкидлашича, бу икки ташкилот ўз фаолияти давомида сиёсийлашган норасмий гуруҳлар билан доимий алоқада бўлган. Улар уюштирган тадбирларга молиявий ёрдам кўрсатган.

АҚШ элчихонаси баёнотида билдирилишича, Америка нодавлат ташкилотлари Ўзбекистонга демократия ва фуқаролик жамиятини равнақ топтириш мақсадида келган. Бу ҳаракатлар икки давлат ўртасида имзоланган стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги декларацияда назарда тутилган.

Баёнотда таъкидланишича, Ўзбекистон стратегик ҳамкорлик ҳақидаги мазкур декларацияда демократик қадриятларни ривожлантиришда содиқлигини, жаҳон тамойиллари асосида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатлашини расман маълум қилган. АҚШ эса Ўзбекистоннинг бу интилишларини қўллаб-қувватлаяжагини билдирган. Шу мақсадда Америка нодавлат ташкилотлари барча манфаатдор шахслар билан иш олиб боради. Бу жараёнда ташкилотларнинг сиёсий партия сифатида рўйхатга олинган ёки олинмаганига эътибор қаратилмайди.

А.Полвонзода “Freedom house” ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси фаолиятига ҳам эътироз билдирганди. Хусусан, унинг сўзларига қараганда, ваколатхона босма ахборотлар ва видеоматериаллар ёрдамида Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий ҳамда сиёсий вазиятга бир ёқлама ва субъектив баҳо берувчи, Конституцияга қарши чақириқлардан иборат маълумотлар тарқатган.
Элчихона баёнотида “Freedom house” ваколатхонаси бу шаклдаги фаолият билан шуғуллангани рад этилади. Унда таъкидланишича, “Freedom house” сиёсий партия ёки ташкилотлар билан, улар рўйхатдан ўтган-ўтмаганидан қатъий назар, ҳамкорликда иш олиб бормайди.

Баёнотда АҚШ элчихонаси Очиқ жамият институти – Сорос жамғармасининг қайта рўйхатдан ўтказилмаганидан таажжубда экани айтилади. Адлия
вазири ушбу жамғармани диний экстремистларни маънавий қўллаб-қувватлашда айблаганди.

Элчихона баёнотида таъкидланишича, Сорос жамғармаси диний экстремистларни ҳеч қачон маънавий қўллаб-қувватламаган.

Америка нодавлат ташкилотлари, дейилади баёнотда, ошкора фаолият олиб боради ва бу фаолият икки давлат ўртасида имзоланган стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги декларация доирасида амалга оширилади.
XS
SM
MD
LG