Линклар

logo-print

Янги фармон умид ва хавотир уйғотади


Феруза Куни-кеча Ўзбекистон Президентининг мамлакатдаги хотин-қизлар қўмиталари фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги фармони эълон қилинди.

Ушбу фармон Ўзбекистондаги хотин-қизлар қўмиталари ва хотин-қизлар жамоат ташкилотлари фаолиятининг турли соҳалардаги самарадорлигини янада ошириш мақсадида қабул қилинди.

Ҳужжатда алоҳида таъкидланишича, жойларда миллий, диний анъаналарни тушунтириш, уларга риоя қилиш, хотин-қизларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва ҳимоя қилиш, бузғунчи кучларнинг хотин-қизлар онггига таъсир ўтказиши, уларни экстремистик ва террорчилик фаолиятига жалб қилишга қаратилган уринишларга қарши ишларни самарали ташкил этиш лозим. Фармонга кўра, хотин-қизлар қўмиталари таркибидаги тарбиячи педагог лавозими ўрнига диний, маърифий, ахлоқий ва тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими ташкил этилади.

Фармоннинг айни бандига Навоий вилоятидаги “Умида” хотин-қизлар маркази раҳбари Гулчеҳра Норқулова муносабат билдириб: “Жамиятнинг бузилишига кўпинча аёл киши сабаб бўлади. Шунинг учун бу фармон долзарб вақтда қабул қилинган”, деди.

“Меҳр” хотин-қизлар нодавлат нотижорат ташкилотлари бирлашмаси раҳбари Зулфия Тўхтахўжаеванинг таъкидлашича, ҳозир диний фунтаментализм дунёга жиддий таҳдид солмоқда. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам диний экстремистик оқимлар пайдо бўла бошлаган. Шу боис, мамлакатга диний терроризм хавф солишига йўл қўймаслик керак. Бунинг учун маҳаллаларда, хонадонларда ёшларнинг, аёлларнинг тўғри йўлдан оғмаслиги учун тушунтиришлар олиб бориш лозим. Диний, ахлоқий, маърифий ва тарбия ишлари бўйича маслаҳатчи лавозими таъсис этилиши бу борадаги ишларга катта ёрдам беради. Мамлакатда аёллар жами аҳолининг 51 фоизини ташкил этади. Шу боис, ҳар қандай соҳада уларнинг фаоллиги кучайтириш жуда яхши самара беради.

З.Тўхтахўжаеванинг сўзларига қараганда, ушбу фармон хотин-қизлар қўмиталари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) ўртасидаги ҳамкорлик, ўзаро тушуниш ва самарадорлик даврини бошлаб беради.

Фармонда Ўзбекистонда ННТ тузиш ва улар фаолиятини тартибга солиш мақсадида 2004 йил 1 ноябрга қадар Адлия вазирлиги ННТ тўғрисидаги қонунга мувофиқ ННТни рўйхатга олиш ҳамда қайта рўйхатга олиш бўйича зарур кўмак ва ёрдам кўрсатишни таъминлаши белгиланган. Нодавлат нотижорат ташкилотининг кўпчилиги ушбу фармондан сўнг ижобий ўзгаришлар бўлишига умид билдирмоқда. Бироқ баъзилар фармон ҳар қанча ажойиб бўлса-да, унинг амалиётга тадбиқ этилиши жараёнидан қўрқиб турибди. Уларнинг фикрича, кўпгина ННТ ҳозир қийин аҳволда. Агар фармондаги ННТнинг фаолиятини танқидий ўрганиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги бандларни мутасаддилар ўзларига маъқул шаклда қабул қилса, аҳвол янада оғирлашади. Бундан ташқари, ушбу фармондан давлатга тегишли бўлган аёллар ташкилотлари томонидан ННТ фаолиятини назорат қилиш мақсадида ҳам фойдаланиш мумкин.
XS
SM
MD
LG