Линклар

Профессор Ўзбекистонга баҳо қўйди


Шайбон Куни-кеча “Freedom house” ташкилоти Нью-Мексика институтининг сиёсий фанлар ва жамоат бирлашмалари бўйича профессори Грегори Глизон билан ҳамкорликда тайёрланган “Ўтиш давридаги давлатлар” деб номланган ҳисоботни элон қилди.

Кенг қамровли тадқиқотлар натижаси ўлароқ эълон қилинган ушбу ҳисоботда Ўзбекистон тўғрисида ҳам мулоҳазалар билдирилган. Унда Ўзбекистондаги мавжуд вазият чуқур таҳлил этилган ва мамлакат ҳаётидаги ҳар бир ҳолат алоҳида шарҳланган. Ҳисоботда “Сайлов жараёни”, “Фуқаролик жамияти”, “Мустақил ОАВ”, “Бошқарув”, “Конституция”, “Қонунчилик ва суд тизимлари”, “Коррупция” деб номланган бўлимлар мавжуд. Ҳар бир бўлимга ўрганилган соҳа юзасидан 1 дан 7 гача баҳо қўйиб чиқилган. 1 баҳоси вазиятнинг яхшилигини англатса, 7 баҳоси вазият ачинарли эканини билдиради.

Ҳисоботда Ўзбекистондаги мустақил оммавий ахборот воситаларидаги вазият 6,75 баҳога лойиқ топилган. Унда айтилишича, мамлакатда ОАВ устидан кучли назорат ўрнатилган. Ҳисоботнинг асосий муаллифи Грегори Глизоннинг таъкидлашича, газеталарни рўйхатга олиш жараёни бевосита Вазирлар Маҳкамасига қарашли агентликлар ва қўмиталар томонидан амалга оширилади. Шу йўл билан расмийлар ахборот оқимини назорат қилиб боришга ҳаракат қилади. Деярли ҳар йили ўтказиладиган газеталарни рўйхатга олиш жараёни журналистлар ҳамда нашрлар фаолиятини назорат қилишда қулай имконият яратиб беради.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Миракмал Миролимов ҳисоботда келтирилган бу даъволарни рад этди. Унинг билдиришича, ОАВни қайта рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги 418-қарор чиққанга қадар мамлакат ҳудудида 570 га яқин оммавий ахборот воситалари фаолият кўрсатаётган эди. Ушбу қарор бажарилгач эса ОАВ сони 813 тага етган. Бу рақамлар ОАВ бўғиляпти, деган даъволарни йўққа чиқаради.

Г.Глизон мамлакатда мухолифат партиялар, яъни “Бирлик халқ ҳаракати” ва “Эрк” партиялари ўз нашрларини чоп этиши учун имконият йўқ, деган тўхтамга келган.

М.Миролимовнинг сўзларига қараганда, зикр этилган партиялар давлат рўйхатидан ўтмагани боис, уларнинг нашрлари ҳам рўйхатга олинмаган. Агар бу партиялар расман рўйхатга олинса, газеталари чоп этилишига ҳам рухсат берилади.

Ҳисоботда газеталарни тарқатиш ҳам давлат ташкилотлари зиммасига юклангани қайд этилади. Яъни аксарият нашрлар газеталарни ўз ҳолича тарқатиш ҳуқуқига эга эмас. Бундай ҳуқуқ фақат тижорий йўналишидаги, мамлакатдаги сиёсий ва иқтисодий вазиятни ёритмайдиган нашрларгагина берилган.

“Матбуот тарқатувчи” давлат акциядорлик компанияси бош директори Рустам Қосимов бу фикрларни инкор қилди.

“Нашрларни тарқатишда “Ўзбекистон почтаси” тизимидаги барча тузилмалар иштирок этади. Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида нашрларни тарқатиш ишлари билан йигирмадан ортиқ фирма шуғулланади. Мамлакат бўйича эса 15 мингдан ортиқ хусусий тадбиркор ҳам шу ишга бош қўшган. Ҳозир таҳририятларнинг ўзлари ҳам газета тарқатиш билан шуғулланиши мумкин. Бундан кўриниб турибдики, “Матбуот тарқатувчи” компанияси бу соҳада монопол эмас”, деди Р.Қосимов.

Ҳисоботда Ўзбекистондаги аксар мустақил нашрлар сунъий равишда юзага келтирилаётган молиявий инқироз оқибатида ёпилаётгани ҳақида ҳам маълумот келтирилган. Бунга мисол тариқасида “Новости Узбекистана”, “Время и Мы” ва “Моҳият” газеталарини тилга олинади. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, “Моҳият” газетаси ҳозир ҳам чоп этилмоқда. Аммо газетанинг молиявий аҳволи оғирлашаётгани у ерда ишлайдиган ходимлар ҳам тасдиқлади.

Ҳисоботда таъкидланишича, Ўзбекистонда 2002 йилнинг октябрида Интернетга уланиш бўйича давлат монополияси бекор қилинган бўлса-да, мухолиф партиялар, яъни “Эрк” ва “Бирлик халқ ҳаракати”ига тегишли сайтларга кириш расмий тузилмалар томонидан чеклаб қўйилган.
XS
SM
MD
LG