Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:46

Ҳукумат вакиллари мониторингга рози бўлди


28 май куни “Freedom house” ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонасида илк бор ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси ходимларининг биргаликдаги матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуман қатнашчилари жазони ижро этиш муассасаларида биргаликда мониторинг ўтказишга келишиб олганини маълум қилди. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг таъкидлашича, ҳукумат вакиллари билан илк бор шундай келишувга эришилган. Жазони ижро этиш муассасаларидаги аҳволни ўрганиш ва маҳбуслар билан суҳбатлар ўтказиш учун инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларида имконият пайдо бўлган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг сўзларига қараганда, мониторингда инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва бошқа нодавлат ташкилотлардан 10 киши, ИИВдан 7 киши иштирок этади.

Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Михаил Гуревичнинг сўзларига қараганда, 27 май куни инсон ҳуқуқлари фаоллари билан жуда қизғин мулоқот бўлган.

“Қайсидир масалаларда фикрларимиз бир жойдан чиқди, айрим масалада бошқача нуқтаи назарда эканимиз маълум бўлди. Фикрларимиз бир жойдан чиққан ўринлар ҳам бўлдики, бу бизнинг биргаликда ишлай олишимиз мумкинлигидан дарак беради. Расман таъкидлаймизки, агар мазкур гуруҳ талабга яраша тайёргарликдан ўтса, биз шундай тадбирлар ўтказилишига қарши эмасмиз”, - деди М.Гуревич.

М.Гуревичнинг билдиришича, тайёргарлик деганда халқаро инсон ҳуқуқлари меъёрлари асосида жазони ижро этиш муассасаларида мониторинг ўтказиш қоидаларини пухта ўрганиш назарда тутилади.

Мазкур масалада “Freedom house”нинг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Мьюша Север хоним ҳам ўз фикрини баён қилди.

“Бу Ўзбекистон учун биринчи катта тажриба бўлади. Бундай қараганда, томонларнинг ҳар хил қарашлари ва фикрлари бор. Лекин улар бир-бирига адоват билан қарамаслиги керак. Айнан хилма-хил қарашлар бир-бирини тўлдиради. Биз инсон ҳуқуқлари бўйича вазиятни юмшатишга, уни қотиб қолган жойидан силжитишга ҳисса қўшиш учун мусоҳабалар, мулоқотлар ўтказамиз”, - деди М.Север.

Матбуот анжуманида қамоқхоналарда қийноқлар оқибатида вафот этганлар ҳақида ҳам савол берилди. М.Гуревичнинг таъкидлашича, масалан, Навоий вилоятидаги қамоқхонада кимдир вафот этса, жасадни “Дамас” машинасида дейлик 600 километр узоқликдаги уйига олиб келиш зарур. Йўлда майит у ёқ бу ёққа урилиб, кўкариши ҳам мумкин. Буни қийноқ деб қабул қилмаслик керак. Бундан ташқари, агар маҳбус қийнаб ўлдирилган бўлса, қамоқхона маъмурияти жасадни яқинларига бермаслик ҳуқуқига эга. Маъмурият жасадни эгаларига беряптими, демак у қийноқлардан ўлган эмас.

Ўз исмини ошкор этишни истамаган патологоанатомнинг фикрича, инсон ўлгандан сўнг унинг танасидаги қон қотиб қолади. Жасадни машинада минг километрга олиб борилса ҳам унинг бирор жойи кўкариб ёки қорайиб кетмайди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳукумат вакилларининг биргаликда мониторинг ўтказишга рози бўлганига умид билан қарамоқда.
XS
SM
MD
LG