Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 03:02

Ҳисоботда Ўзбекистонда мансаблар сотилиши айтилади


Тўлқин “Freedom house” ташкилотининг Нью-Мексика институти сиёсий фанлар ва жамоат бирлашмалари бўйича профессори Грегори Глизон билан ҳамкорликда тайёрланган “Ўтиш давридаги давлатлар” номли ҳисоботида Ўзбекистондаги маъмурий бошқарув 7 баҳоли ўлчамда 6,25 баҳога лойиқ топилган.

Мазкур ҳисобот Г.Глизон томонидан ўтказилган кенг қамроқли тадқиқотлар натижасидир. Шунинг учун ундаги хулосалар ҳам, асосан, профессорга тегишли.

Г.Глизон ўлчовига кўра, 7 баҳо энг ёмон ҳолатни ифодалайди. Шундан хулоса қилиш мумкинки, профессор Ўзбекистондаги маъмурий бошқарув ёмон ишлаётганини таъкидлаган.

Мазкур ҳисоботда Ўзбекистондаги коррупция борасидаги вазиятга 6 баҳо қўйилган. Профессор ўз тадқиқотида Ўзбекистонда 1997 йилдан 2003 йилгача бўлган вазиятни ўрганган. Бу йиллар давомида мамлакатда бошқарув ва коррупция билан боғлиқ вазиятга берилган баҳоларни қиёслаб, аҳвол яхшиланмаганини кўриш мумкин.

Ҳисоботнинг “Бошқарув” бўлимида қайд этилишича, гарчи Ўзбекистон сиёсий жиҳатдан нисбатан барқарор кўринса-да, ҳукумат томонидан оммавий ахборот воситалари, жамиятдаги фуқаролар гуруҳлари, ижтимоий уюшмалар ва хусусий корхоналар устидан ўрнатилган назорат даражаси эътиборга олинса, бу барқарорлик анчайин нисбий ва аҳамиятсиздир. Ўзбекистондаги қонун чиқарувчи орган – парламент ҳақида ҳисоботда бундай дейилади:

“Ўзбекистон Конституциясига кўра, парламент мамлакатнинг сиёсий устивор органи ҳисобланади. У қонун чиқаради ва қўмиталари иши орқали ижрони таъминлайди. Парламент одатда бир йилда икки марта йиғилади. Баъзан махсус сессиялар ҳам ўтказади. Аммо шундай ваколат Президентга ҳам берилган ва бу қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг қурдатини шубҳа остига қўяди. Мазкур қонун чиқарувчи орган йил давомида ўтказиладиган сессияларида ҳам Президент таклифлари ва декретларини муҳокама қилиш билан машғул бўлади. Фикримча, Ўзбекистон парламенти том маънодаги қонун чиқувчи орган эмас, балки хўжакўрсинга ташкил этилган институтдир”.

Г.Глизоннинг таъкидлашича, Ўзбекистонда бошқарув марказлашган сиёсий тизимга эга. Мамлакатда 12 вилоят, 1 мухтор республика ва 1 шаҳар ҳокимлиги, яъни Тошкент шаҳар ҳокимлиги мавжуд бўлиб, уларнинг раҳбарлари Президент томонидан тайинланади. Ўз навбатида, туман ҳокимлари вилоят ва шаҳар ҳокимлари томонидан тайинланади. Бу эса ижрочи ҳокимиятнинг фақат Президент учун хизмат қилишига олиб келади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти девони матбуот хизмати вакили Ойбек Кимсанбоев Г.Глизоннинг бу даъвосини рад этди. Унинг айтишича, вилоят ҳокими вилоят халқ депутатлари кенгаши томонидан сайланади. Президент эса бу лавозимга номзод тавсия этиши мумкин, холос.

Собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошевнинг фикрича, ҳокимларнинг халқ депутатлари кенгашлари томонидан сайланиши расмиятчиликдир. Аслида Президент томонидан тавсия этилган номзод ҳеч қачон сайланмай қолмайди. Бу сайловларда муқобил номзод йўқлиги, Президент тавсия этган номзод якдиллик билан қўллаб-қувватланиши ҳар доим кузатилади. Бу эса Ўзбекистондаги бошқарув тизимининг камчилигидир.

Ҳисоботда Ўзбекистондаги расмий лавозимларнинг сотилиши ҳақида ҳам гап боради. О.Кимсанбоев Ўзбекистонда мансаблар сотилиши тўғрисидаги хулосани мутлақо инкор қилди.

Ҳисоботнинг сўнгги бўлими “Коррупция” деб номланади ва у қуйидаги сўзлар билан бошланади:

“Коррупция Ўзбекистонда кенг тарқалган ва бу иллатни фош этиш, унга қарши кураш тизими ниҳоятда заиф ривожланган. Ҳукумат амалдорлари билан тадбиркорлар ўртасидаги алоқалар камдан-кам ҳолларда қонуний асосда бўлади. Қариндош-уруғчилик, аймоқчиликка асосланган ёпиқ ижтимоий-хусусий алоқалар кўпинча қонуний асосларга монеълик қилади”.

Бош прокуратура матбуот хизмати вакили Светлана Ортиқова Ўзбекистонда коррупция кенг ривожланган, унга қарши кураш заиф, деган фикрларга қўшилмаслигини таъкидлади. Унинг айтишича, Бош прокуратурада иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси мавжуд. Бу бошқарма коррупция факти бўйича ҳар бир ҳолатни чуқур ўрганади ва унинг судгача олиб борилишига эришади.

Т.Йўлдошевнинг фикрича, Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш тизими йўқ, деса ҳам бўлади. Ички ишлар вазирлигида, Миллий хавфсизлик хизматида коррупцияга қарши курашадиган бошқармалар бор. Шунга қарамай, фуқаролик жамияти асосида бу иллатга қарши курашилмаса, унинг илдизини қуритиб бўлмайди. Давлат тизимида ишлайдиган мансабдорларнинг фаолияти ошкора бўлмаса, уларнинг фаолияти матбуотда ёритилмаса, коррупцияга қарши курашиш қийин. Давлат ташкилотлари давлат тизимида мавжуд коррупцияга қарши кураша олмайди. Бу иллатнинг йўқ бўлишидан манфаатдор бўлгани туфайли жамоатчиликни унга қарши курашга жалб этиш керак.

Ҳисоботда ёзилишича, “Транспейренс интернешнл” ташкилотининг дунёдаги энг коррупциялашган мамлакатлар рўйхатида Ўзбекистон 133 давлат ичида юзинчи ўринни эгаллайди.
XS
SM
MD
LG