Линклар

Ислом Каримов - умумий бозор тарафдори


Тўлқин 28 май куни Қозоғистон пойтахти Остонада Марказий Осиё ҳамкорлиги ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлди. Унда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ҳам иштирок этди.

Ислом Каримов Остонага жўнаб кетиш олдидан Тошкент аэропортида журналистларга интервью бериб, жумладан, бундай деди:

“Мен солиқ, божхона, транзит масаласини (кенгаш мажлисида) кўтармоқчиман. Бу масалалар жаҳонда қабул қилинган қоидалар асосида ҳал этилса, муаммо туғилмайди. Агар биз Марказий Осиёда умумий бозор ҳудудини ташкил этадиган бўлсак, нимага олиб келишини ўйлаб кўришимиз керак”.

Яъни, Президентнинг айтишича, мазкур анжуманда ташкилотга аъзо давлатлар – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида ягона савдо-иқтисодий маконини яратиш, интеграция масалаларига жиддий эътибор қаратилади.

Президентнинг таъкидлашича, ягона савдо-иқтисодий макон яратишда мавжуд тўсиқлар мақсадга эришишга халақит бермоқда.

Кузатувчиларнинг фикрича, сўнгги йилларда ташкилот, айниқса, интеграция масаласида суст фаолият кўрсатмоқда. Сиёсатшунос Фарҳод Толиповнинг сўзларига қараганда, Марказий Осиё давлатлари ўртасида интеграция жараёнининг ёмонлашувига геосиёсий омилар сабаб бўлмоқда. Яъни бу ҳудуддаги мамлакатлар мустақилликка эришгач, мазкур минтақада қудратли давлатларнинг манфаатлари тўқнашуви вужудга келган, деган фикрлар мавжуд.

Ф.Толиповнинг айтишича, интеграция давлатлар ўртасидаги чегараларни очиш, ягона эркин ҳудуд бўлишини тақозо этади. Амалда эса бунинг тескариси бўляпти. Чегаралар ёпилиб, виза тизими жорий этилмоқда. Божхонадан ўтиш жараёни мураккаблаштирилмоқда.

Кузатувчилар сўнгги вақтларда Ўзбекистоннинг геосиёсий муносабатларида, жумладан, АҚШ-Ўзбекистон ва Ўзбекистон-Россия алоқаларида баъзи ўзгаришлар содир бўлганини таъкидламоқда. Бундай вазиятда Марказий Осиё ҳамкорлиги ташкилоти доирасида ҳам интеграция масаласида бироз жонланиш бўлиши мумкин.

Ф.Толиповнинг билдиришича, июнь ойида Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) ҳам саммити бўлиб ўтади. Мазкур саммит арафасида Марказий Осиё ҳамкорлиги ташкилоти мажлиси ташкил этилгани ҳам бежиз эмас.

Ф.Толиповнинг таъкидлашича, Марказий Осиё давлатлари ШҲТга тўртта кичик давлат бўлиб киргандан кўра Марказий Осиё давлатлари ҳамкорлиги ташкилоти аъзоси сифатида кириши мақсадга мувофиқ. Яъни улар ўзларининг тор манфаатларини эмас, минтақавий манфаатларини ҳимоя қилиб ҳаракат этса, кўпроқ натижаларга эришган бўлар эди.
XS
SM
MD
LG