Линклар

НАТО : Афғонистон "Нарко-мамлакат"га айланиши мумкин


Азизулло Арол Яқинда НАТО Парламент Ассамблеяси делегацияси Афғонистонга бориб қайтди. Делегацияга раҳбарлик қилган Франция вакили Пьер Леллушнинг Озодлик радиосига айтишича¸ Кобулдан бошқа жойда ҳали ҳам хавфсизлик ўрнатилмаган. Унга кўра¸ агарда Ғарб давлатлари қўшимча 3-4 минг аскар юбормасалар¸ сентябр ойига мўлжалланган сайловлар тақдирини маҳаллий қўмондонлар ҳал қилишлари мумкин.

Иқтисодиëти наркотикларга таянган Афғонистон "Нарко-мамлакат"га айланиш арафасида. Гиëванд моддалар нафақат бойлик орттириш¸ балки ҳокимият қозонишнинг ҳам асосий манбаи ва воситаси. Бу Франция Парламенти депутати¸ яқинда НАТО Парламент Ассаблеяси делегацияси таркибида Афғонистонга сафар қилган Пьер Леллуш қарашларидир.

"Энг катта муаммо шуки¸ маҳаллий қўмондонларнинг аксарияти¸ балки ҳаммаси¸ наркотиклар савдосига бевосита алоқадор Сўнгги . икки ярим йил ичида¸ Толибон режими қулаганидан буëн¸ Афғонистон дунëнинг энг кўп героин ишлаб чиқарувчи мамлакатига айланди. Тақрибан 130 минг гектар ерда дунë героинининг 80 фоизи ишлаб чиқарилади. Бу Афғонистон ички ялпи маҳсулотининг 50 фоизини ташкил этади ва давлат даромадидан ўн баробар кўпдир. Бу дегани маҳаллий қўмондонлар анча қудратли" - деб баëн этади Леллуш.

Леллуш мамлакатда НАТО ва унинг ҳамкорлари қўшинлар сонини кўпайтирмаса¸ сайловларда маҳаллий қўмондонлар ва наркофурушлар ғолиб чиқишлари хавфи борлигини айтади.

"Хавф шундан иборатки¸ сентябр ойига белгиланган сайловлар натижасида маҳаллий қўмондонлар Парламентга аъзо бўлсалар¸ уларнинг қудрати янада ошади. Демократия сари кетаëтган янги давлат ўрнига "Нарко-Исломий давлат" юзага келиши мумкин" - деди Леллуш.

БМТнинг Афғонистон масаласи бўйича вакили Жиен Арнога кўра¸ мамлакатда қуролсизлантириш жараëни кечиктирилмоқда. БМТ расмийсига кўра¸ агарда қуролсизлантириш жараëни тезлаштирилмаса¸ сайловларни адолатли ва хавфсиз муҳитда ўтказиш қийин бўлади.

НАТО Парламент Ассамблеяси вакили Пьер Леллушга кўра¸ Афғонистонда хавфсизлик таъминланмаган. Муваққат ҳукумат Президенти Ҳомид Карзай вилоятларда ўз ҳокимиятини ўрната олмаган. Вилоятларни асосан маҳаллий қўмондонлар бошқармоқда. Солиқлар ва божлар ҳам улар қўлига тушади.

Маълумотларга кўра¸ маҳаллий қўмондонлар қўли остидаги кучлар сони 45 минг кишини ташкил этади. Бу кучларнинг қарйиб ярми июн ойига қадар қуролларини топширишлари керак эди. Бироқ¸ бу иш амалга ошмади.

АҚШ ва Франция ташкил этган Афғонистоннинг янги армияси сафида фақагина етти ярим минг аскар бор холос.

АҚШ бошчилигидаги коалициянинг Афғонистондаги 15 мингга яқин кучлари асосан мамлакатнинг жанубий ва шарқий ҳудудларида Толибон ва Ал-Қайда қолдиқларига қарши кураш олиб бормоқда. НАТО етакчилигидаги Халқаро Хавфсизлик Ўрнатиш кучлари сони 6 минг ҳарбийдан иборат. Улар асосан пойтахт Кобулда жойлашган.

Франция Парламенти депутати Леллушнинг таъкидлашича¸ агарда ўтган икки йил давомида мамлакатга 4 миллиард доллар сармоя қўйган Афғонистоннинг ғарблик ҳомийлари зудлик билан чора кўрмасалар¸ молияларини қўлдан беришлари мумкин.

Номини ошкор қилмаган НАТОнинг бошқа бир расмийсига кўра¸ сентябр ойига белгиланган сайловларни хавфсиз равишда ўтказиш учун¸ август ва октябр ойлари мобайнида мамлакатда Ғарб давлатлари кучлари ҳозир бўлиши керак бўлади.

Бу масала келаси ой Истамбулда уюштириладиган НАТО саммитида муҳокама этилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG