Линклар

САУДИЯ АРАБИСТОНИ: ГАРОВГА ОЛИНГАНЛАР ОЗОД ЭТИЛДИ


Саудия Арабистонининг Хубар шаҳрида қуролли гуруҳ томонидан гаровга олинган 50 киши озод этилди. Шанба куни "Ал Қайда" аъзолари экани гумон этилаётган қуролли гуруҳ бир неча ғарб нефт ширкатлари жойлашган Хубардаги олти қаватли бинони ишғол этиб, 10 кишини ўлдирган ва қолган одамларни гаровга олган эди. Гаровга олинганлар орасида чет элликлар ҳам бўлган.

Бу амалиёт учун масъулиятни “Ал-Қайда” билан тиғиз алоқада бўлган “Ал-Қудс жамоаси” қуролли гуруҳи ўз зиммасига олди. Саудия Арабистони шаҳзодаси Абдулла бин Абдулазиз мамлакат телевиденияси орқали чиқиш қилиб, бундай воқеанинг такрорланмаслигига умид билдирди:
“Бундай воқеанинг бошқа такрорланмаслиги Саудия халқи ва Саудия Арабистонида яшаётган бошқа халқлар манфаатидадир. Исломга алоқадор бирон бир одам ёки инсонпарварлик тушунчаларидан хабардор бирон-бир шахс воқеани содир этган шахсларни хеч қачон кечира олмайди”, - деди Шаҳзода Абдулла бин Абдулазиз.


Гаровга олинганларни қутқаришда бевосита қатнашган Саудия Арабистони хавфсизлик кучлари вакилларига кўра, махсус отрядлар Хурбадаги нефт ширкатлари жойлашган олти қаватли бино томини ёриб ўтиб, жуда тезкор ҳаракатлар билан гаровга олинганларни қутқаришга муваффақ бўлганлар. Амалиётда жами 40 нафар саудиялик махсус ҳизмат вакили қатнашган.

Ўз исмини айтишни истамаган Саудия Арабистони хавфсизлик расмийсининг "Ройтер" мухбирига маълум қилишича, қутқариш амалиёти бошланганда гаровга олувчилар қўл остида бўлган одамларнинг бир қанчасини ўлдирган. Аммо, гаровга олинувчиларнинг қанча нафари ўлдирилгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Озод этилган фуқаролардан бири эса, гаровга олувчилар унинг кўз олдида тўққиз одам бўғзига пичоқ тортиб ўлдирганликларини маълум қилган. Ўлдирилганлар турли давлат фуқаролари бўлгани айтилмоқда. Улар орасида АҚШ ва Британия фуқаролари ҳам бўлиши мумкин. Аммо, Саудия Арабистонидаги Америка элчихонаси ҳам, қолаверса Британия расмийлари ҳам ҳозирча бу маълумотни тасдиқлай олмасликларни айтишган.
XS
SM
MD
LG