Линклар

logo-print

Россия Марказий Осиёга қўшилди


Абдуллоҳ Эргаш 28 май кунги эшиттиришимизда Қозоғистон пойтахти Астанада Марказий Осиё Давлатлари Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар Президентларининг учрашуви бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик. Саммитда Марказий Осиё умумий бозорини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинган эди. Ушбу учрашувда Россиянинг Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилотига қўшилишини эълон қилгани кўпчилик сиёсатчилар ва иқтисодчилар учун кутилмаган янгилик бўлди.

Марказий Осиё давлатлари Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар Президентларининг учрашуви якунида ўтказилган матбуот анжуманида Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев кутилмаган бир баёнот қилди: “Биз қабул қилган қарорларнинг ичида энг муҳими- Россия Федерациясининг ташкилотга қўшилиш тўғрисидаги аризасини кўриб чиққанимиз ва уни ташкилот аъзолигига қабул қилганимиз бўлди”,- деди Нурсултон Назарбоев.

Марказий Осиё ҳудудида бўлмаган давлатнинг минтақавий ташкилотга қабул қилиниши кўпчилик учун кутилмаган ҳодиса бўлди. Москвада нашр этиладиган “Коммерсант” газетаси бу ҳақда шундай ёзади: “Россия Марказий Осиё билан ҳамкорликни ривожлантириб, бу давлатлар аъзо бўлган ҳар қандай тор доирадаги ташкилотларда ҳам иштирок этишга ҳаракат қилмоқда”.

Кремл расмийлари эса Марказий Осиё давлатлари Ҳамкорлиги Ташкилотига қўшилиш билан, Россия постсовет давлатларида интеграция жараёнини тезлаштиришга ҳаракат қилмоқда, қабилида фикр билдирмоқдалар. Масалан, Россия Думаси раиси Борис Гризлов “Озодлик” радиоси рус хизматига берган суҳбатида, Россия келажаги собиқ совет давлатлари ўртасида ягона иқтисодий ҳудудни ташкил этиш билан белгиланишини баён қилди. Россиянинг Марказий Осиё давлатлари Ҳамкорлиги Ташкилотига қўшилиши ҳам, Борис Гризловга кўра, интеграция жараёнлари билан боғлиқ. “Бундан қирқ йил аввал Европада умумий бозор ташкил этиш ҳаракати бошланди. Бугунга келиб, Европа Иттифоқи ташкил этилди. Ўйлайманки, биз бу йўлни қирқ йилда эмас, ўн йилда босиб ўтамиз”,- деди Борис Гризлов.

Бироқ, қирғизистонлик иқтисодчи олим Сапар Ўразбақов, Россия расмийсининг фикрини эҳтирос устида айтилган гап, деб баҳолайди. Сапар Ўразбақовга кўра, кейинги йилларда Россия Марказий Осиё бозорини қўлдан бой бера бошлади. Кейинги ҳаракатлар эса аввалги позицияларни қозонишга қаратилган. “Мустақилликнинг биринчи йилларида Россия ва Қирғизистон ўртасидаги товар айирбошлаш йиллик савдо айланмасининг 40-50 фоизини ташкил этар эди. Ҳозир эса бу кўрсаткич 20 фоиз. Ўзбекистон ва Қозоғистон бозорида ҳам Россия улуши кескин камайган. Халқаро Савдо Ташкилоти аъзолигига қабул қилинмай келаётгани учун Жаҳон бозорига чиқа олмаётган Россияга Марказий Осиё бозорини йўқотиш катта иқтисодий зарба бўлар эди”,- деди Сапар Ўразбақов.

Москва расмийлари даъво қилаётганидай, Россиянинг Марказий Осиё давлатлари Ҳамкорлиги Ташкилотига қўшилиши, минтақа умумий бозорини шакллантириш ҳаракатларига ижобий таъсир кўрсата оладими? Бу саволимизга қирғизистонлик иқтисодчи Сапар Ўразбақов шундай жавоб беради: “Кўп маҳсулотларни биз Ўзбекистондан, Ўзбекистон эса Қирғизистондан сотиб олса бўлади. Бу ҳар икки давлат бозорини арзон маҳсулот билан таъминлайди. Бироқ, минтақа давлатларида сиёсий тизимдаги ва мафкурадаги фарқлар икки томонлама иқтисодий алоқаларга тўсқинлик қилмоқда. Бу ҳолатда Россия ўзаро келиша олмаётган минтақа давлатлари раҳбарлари ўртасида воситачи бўлади, деб ўйламайман. Чунки, Россия ўз манфаатини кўзлаб сиёсат олиб боради”,-деди Сапар Ўразбақов.

Бу манфаат нимадан иборат? Москвалик журналист Олег Панфилов бу саволга шундай жавоб беради:“Бу ерда гап фақат иқтисод ҳақида эмас, геосиёсат ҳақида кетаяпти. Россия постсовет ҳудудини қўлдан чиқараётганлигини жуда яхши тушунмоқда. Шунинг учун ҳам у ҳеч бўлмаганда Марказий Осиёда ўз таъсирини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда”,- дейди Олег Панфилов.
XS
SM
MD
LG