Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:49

РУСЛАН ШАРИПОВ МУКОФОТНИ ОЛИШ УЧУН ИСТАМБУЛГА КЕЛОЛМАДИ


Маркази Парижда жойлашган Жаҳон Газеталар Уюшмаси бу йилги “Озодликнинг Олтин Қалами” мукофотини ўзбекистонлик мустаӄил журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Руслан Шариповга беришга ӄарор ӄилди. Ташкилотнинг душанба куни Истамбулда очилган 57-анжуманида ушбу мукофотни тантанали топшириш маросими бўлди. Аммо, Ўзбекистонда тўрт йилга озодликдан махрум этилган ва ҳозирда уй қамоғида бўлган Шарипов маросимга кела олмаган. Ўзбекистонлик мустақил журналист Истамбулдаги анжуманга келолмагани боис, унинг вакили - инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаева мукофотни қабул қилиб олди.

Жаҳон Газеталар Уюшмаси Руслан Шариповнинг озод этилиши ва унинг Истамбулдаги тадбирда иштироки таъминланишини сўраб, Ўзбекистон рахбариятига кўп марта мурожаат қилган. Аммо, ташкилот вакили Ларри Киллманнинг "Озодлик" мухбирига айтишича, ушбу мурожаатлар жавобсиз қолган. "Биз жаноб Шариповнинг ўзи бу ерга келиб мукофотни ўз қўли билан қабул қилиб олишини жуда-жуда хоҳлаган эдик. Унинг Истамбулга келиб кетишига ижозат берилишини сўраб Ўзбекистон расмийларига кўплаб ёзма мурожаатлар қилдик. Ҳатто, ташкилотимизга аъзо қатор нуфузли газеталар Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган чет давлат элчихоналарига мурожаатнома йўллаб, Руслан Шариповнинг озод этилиши борасида Тошкент ҳукуматига босим қилишларини сўрашган. Аммо, бу уринишларимиз бесамар якун топди", - дейди Ларри Киллман.
25 яшар Руслан Шарипов 2003 йилда бесоӄолбозлик ва вояга етмаганлар билан жинсий алоӄада бўлганлик айблари билан тўрт йилга ӄамалган эди. Шу йил март ойида эса Шариповга белгиланган жазо шакли ўзгартирилди: ҳозирда у жазони эркин ўташ манзилида. Аммо, Хюман Райтс Уотч, Чегара Билмас Мухбирлар ва Жаҳон Газеталари Уюшмаси каби кўпгина халқаро ташкилотлар Шариповнинг қамалиши ортида сиёсий сабаблар туриши мумкинлигини, яъни мустақил журналист Ўзбекистон ҳукуматинининг инсон ҳуӄуӄлари соҳасидаги сиёсатини танӄид ӄилгани ва ҳуӄуӄ-тартибот органларида порахўрлик чуӄур илдиз отгани ҳаӄида очиӄ гапиргани учун тазйиӄӄа учраганини ўз ҳисоботларида таъкидлаб келганлар. Жаҳон Газеталари Уюшмаси вакили Ларри Киллман айнан матбуот эркинлиги борасидаги довюрак фаолияти учун Руслан Шарипов бу йилги “Озодликнинг Олтин Қалами” мукофотига лойиқ деб топилганини айтади.
"Ҳар йили биз бу мукофотни бериб борамиз. 1961 йилдан бери шундай анъана шаклланган. Биз бу йил ташкилотимизга аъзо дунёдаги барча журналистлар билан маслаҳатлашиб, Ўзбекистонда таъқиб-тазйиқларга қарамай эркин матбуот, сўз эркинлиги учун айстойдил курашган Руслан Шариповни шу мукофотга номзодликка кўрсатдик. Ташкилотимиз бошқарув кенгаши ҳам бу йилги мукофотни Шарипов олиши керак, деган тўхтамга келди".
Жаҳон Газеталар Уюшмаси таъсис этган "Озодликнинг Олтин Қалами" мукофотининг аввалги лауреатлари ҳақида гапирадиган бўлсак, 1980 йилда аргентиналик журналист Жакобо Тимерман, 1989 йилда россиялик Сергей Григорянц, 1995 йилда хитойлик Гао Йу, 1998 йилда вьетнамлик Доан Виет Хоатлар бу мукофотга сазовор бўлишган. ўтган йил эса "Озодликнинг Олтин Қалами" Белорус журналистлар уюшмасига берилган эди.
XS
SM
MD
LG