Линклар

Рустам Азимов Қирғизистон билан виза тизими борлигидан хабарсизми?


Шайбон 28 май куни Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар иқтисодиёт ва савдо вазирликлари раҳбарларининг навбатдан ташқари учрашуви бўлди.

Учрашувда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, иқтисодиёт вазири Рустам Азимов, Қозоғистон савдо ва саноат вазирининг биринчи ўринбосари Амрин Гусман, Хитой Халқ Республикаси тижорат вазири ўринбосари Юй Гуанчжоу, Қирғизистон иқтисодий тараққиёт, ишлаб чиқариш ва савдо вазири Амангелди Нуралиев, Россия иқтисодий тараққиёт ва савдо вазири ўринбосари Виталий Савельев, Тожикистон иқтисодиёт ва савдо вазири Ҳаким Солиев иштирок этди. Хабарларга қараганда, ушбу учрашувда асосий эътибор минтақада ягона иқтисодий бозор яратиш масаласига қаратилган. Р.Азимовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон томонидан кўтарилган ушбу ташаббус бошқа иштирокчилар томонидан ижобий қабул қилинган. Қатнашчилар келажакда бу борада қилиниши зарур бўлган ҳаракатлар хусусида келишиб олган ва шу келишув бўйича меморандум имзолаган.

Р.Азимовнинг сўзларига қараганда, ШҲТ минтақада терроризм хавфига қарши кураш, иқтисодий ҳамкорлик ва иқтисодий интеграцияни кучайтириш мақсадида ташкил этилган. Ўзбекистон Президенти иқтисодий интеграцияни аниқ ҳаракатларда ифодалаш лозимлигини айтган ва ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Тошкентда яқинда ўтказиладиган саммитидан олдин минтақада ягона иқтисодий бозор ташкил этиш масаласини ўрганиб чиқишни таклиф этган. Мазкур таклиф бўйича вазирликлар раҳбарлари даражасида ўтказилган учрашув эса саммитда бу борада аниқ ва пухта режалар ишлаб чиқиш имкониятини яратади.

Ўзбекистон билан Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида виза режими жорий этилган. Р.Азимовнинг таъкидлашича, барча чегараларда жиддий назорат ўрнатилмоғи лозим ва бугунги кунда мустақил давлатлар ўртасидаги чегаралар собиқ иттифоқ давридагидек бўлиши мумкин эмас. Зеро, бу ҳолатда мамлакат хавфсизлигини таъминлаб бўлмайди. Бироқ чегара молия, технологиялар ва одамлар ҳаракати учун очиқ бўлиши лозим.

Р.Азимов Ўзбекистон Қирғизистон ва Қозоғистон билан виза режими мавжудлигини инкор қилди. Тўғри, ҳозир Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасида виза тизими мавжуд эмас. Аммо Тожикистон ва Қирғизистон билан шундай тартиб жорий этилганига анча бўлди.

Қирғизистон иқтисодий тараққиёт, ишлаб чиқариш ва савдо вазири Амангелди Нуралиевнинг айтишича,Ўзбекистон терроризмга хавфини камайтириш учун барча чораларни кўрган.

“Ўйлайманки, Афғонистондаги вазият сокинлашгани сабабли бу чоралар қайта кўриб чиқилади ва кучайтирилган чегаравий режим ҳам ўзгартирилади”, деди А.Нуралиев.

А.Нуралиевнинг билдиришича, Қирғизистоннинг барча қўшни давлатлар билан иқтисодий ҳамкорлиги кучайиб боряпти. Аммо Ўзбекистон билан вазият яхши эмас. Икки давлатнинг ўзаро иқтисодий алоқалари кўрсаткичи жуда паст ва буни яшириб бўлмайди.

Тожикистон иқтисодиёт ва савдо вазири Ҳаким Солиев ҳам Ўзбекистон билан иқтисодий ҳамкорлик мақтанарли даража эмаслигини, лекин ШҲТнинг Тошкентда ўтказилажак саммитида бу муаммога ечим топилишига умид қилаётганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG