Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:22

“Евроосиё” жамғармаси қардош халқларни яқинлаштирмоқчи


Феруза Маълумотларга қараганда, 2004 йил 28 май куни “Евроосиё” жамғармаси Фарғона водийсидаги уч мамлакат - Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг чегара ҳудудларида ахборот алмашинувини қўллаб-қувватлаш мақсадида қиймати 110 минг АҚШ долларига тенг бўлган грант ажратган.

Ушбу грант Фарғона вилоятидаги “Мулоқот-ТВ”, Тожикистоннинг “СМ-1” ва Қирғизистоннинг “Пирамида Ўш” телекомпанияларига берилган. Лойиҳа шартига кўра, бу телеканаллар серияли телекўрсатувлар орқали уч мамлакат аҳолиси учун долзарб бўлган мавзуларни ёритиб, чегара ҳудудида яшовчиларни турли хил янгиликлардан бохабар қилиб бориши керак.

“Евроосиё” жамғармасининг Тошкентдаги минтақавий офиси ходими Рустам Ҳусановнинг таъкидлашича, мазкур грант 2001 йилда жамғарма томонидан молиялаштирилган “Фарғона водийси садолари” лойиҳасининг давомидир. Грант асосида телестанцияларни кўпайтириш орқали телетомошабинлар аудиторияси ҳам кенгайтирилади. Ундан мақсад уч мамлакатнинг чегара ҳудудларида яшовчи аҳолининг ахборот олиш имкониятларини кенгайтириш ва водийдаги ОАВни ривожлантиришга ёрдам беришдир. Лойиҳага кўра, уч мамлакат телекомпаниялари ҳамкорликда муштарак мавзу ва муаммоларни ёритиб боради.

Р.Ҳусановнинг сўзларига қараганда, телекўрсатувларда водийдаги иқтисодий ҳамкорлик ва савдо алоқаларини ривожлантириш, алоқа инфратузилмаси, аҳолининг ижтимоий аҳволи, чегарадан ўтиш тартиби, визалар ва бошқа мавзулар қамраб олинади. “Бизни нима бирлаштиради” рукни остида уч давлатнинг умуммиллий қадриятлари, водийдаги жамоат ташкилотларнинг фаолияти ёритиб борилади.

Р.Ҳусанов лойиҳани амалга ошириш учун айнан Фарғона водийси танланганига бир қанча сабаблар борлиги маълум қилди.

“Фарғона вилояти Марказий Осиёдаги аҳолиси зич жойлашган ҳудуд ҳисобланади. Бунинг устига, бу ерда чегара қонунлари ўрнатилгани ўзбек, қирғиз ва тожик халқлари ўртасидаги турли муносабатларни йўлга қўйишда бироз қийинчилик туғдиради. Шу боис, уч мамлакат вакиллари шундай муаммоларни бартараф этиш ташаббуси билан чиқди ва “Евроосиё” жамғармаси уларнинг бу хайрли ишларини бажонидил молиялаштиришга кўмаклашмоқда”, деди Р.Ҳусанов.
XS
SM
MD
LG