Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:46

Қонун бор, лекин амал қилмайди


2002 йил 6 май куни Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни кучга кирганди. Бироқ кўпчиликнинг фикрича, бу қонунга амал қилинмаётир.

Мазкур қонуннинг 17-моддасида фуқароларнинг юқори давлат органларига ёзган шикоят ва аризалари ҳаракати устидан шикоят қилинаётган давлат органи ёки мансабдор шахсларнинг ўзига қайтариб жўнатилиши маън этилиши белгилаб қўйилган. Кўпчилик айнан шу моддага амал қилинмаётганидан норози бўляпти.

Асли каби юрист бўлган наманганлик Юсуфжон Мирзамаҳмудовнинг сўзларига қараганда, у касби бўйича ишга жойлашишда ёрдам сўраб, бир ярим йил давомида мамлакат Президентига, ҳукуматнинг бошқа идораларига кўплаб аризалар ёзган. Бу аризага жавобларнинг барчаси вилоят адлия бошқармасига келиб тушаверган. Бошқармадагилар эса аризачини алдашдан бошқа ҳеч қандай чора кўрмаган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро жамияти аъзоси, қўқонлик Эргашбой Қўшматов вилоят прокуратурасидаги айрим камчиликлар ҳақида Олий Мажлис раиси номига шикоят ариза билан мурожаат этганди. Бироқ, аризачининг таъкидлашича, бу шикоят текшириш вилоят прокуратурасининг ўзига жўнатилган.

Наманган вилояти ҳокимлигидан олинган маълумотларга қараганда, ҳоким ва унинг ўринбосарлари белгиланган кунларда фуқароларни қабул қилиб, уларнинг арзларини тинглайди. Вилоят ҳокимлиги вакили, маънавият ва маърифат ишлари бўйича мутахассис Адҳам Нормирзаев Президентнинг Давлат маслаҳатчисига қирқдан ортиқ таклиф ва мулоҳаза битилган мактуб топширгани, бироқ ҳалигача жавоб олмаганини билдирди.

“Сиёсий, иқтисодий, маърифий масалалардаги қирқдан зиёд шахсий таклиф ва мулоҳаларимни Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султоновга бергандим. Аммо бир ярим йилдан буён ҳеч қандай жавоб йўқ”, деди у.

“Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасида юқори давлат органларига шикоят ёзган шахсларни таъқиб этиш маън этилиши белгиланган. Аммо Президент номига шикоят ёзган баъзи шахслар тазйиқларга учрагани ҳақида маълумотлар бор.

Поп туманидаги 42-болалар боғчаси тарбиячиси Ҳуррият Асқарованинг таъкидлашича, у ойликларни оширишни сўраб, Президент Ислом Каримовга мактуб ёзган. Шундан сўнг уни ваҳҳобийликда айблашиб, анча тазйиқ ўтказишган.

Наманган давлат университети профессори, фалсафа фанлари доктори Маҳмуджон Ҳожимирзаевнинг фикрича, мазкур қонуннинг амалда бажарилмаётганига сабаблардан бири бюрократик бошқарув аппаратининг ниҳоятда коррупциялашганидир. Бундай шароитда шикоятчи ўзини қониқтирадиган жавобни ҳеч қачон ола олмайди.
XS
SM
MD
LG