Линклар

logo-print

Элчи дастур қойилмақом бажарилаётганини айтди


Шайбон Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида имзоланган Наркотик моддалар контрабандасини назорат қилиш ва қонунларни қўллашга кўмак бериш тўғрисидаги битимга ўзгартиришлар киритилди. 1 июн куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида мазкур ўзгаришларни амалга киритишга қаратилган ҳужжатни имзолаш маросими бўлди.

Маросимда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Содиқ Сафоев ва АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жон Пурнелл иштирок этди.

Маълумотларга кўра, мазкур битим 2001 йилнинг 14 августида имзоланган. Бугунги кунга келиб, битимнинг тўртинчи ва бешинчи моддасига ўзгартиришлар киритилган.

Тузатишлар киритилган моддаларда АҚШ Ўзбекистонга бир миллион доллар миқдорида молиявий ёрдам кўрсатиши назарда тутилган. Бу кўмак Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимида ислоҳотлар ўтказиш, ҳар икки давлат ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари иштирокида қўшма форумлар ва семинарлар ўтказиш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш борасидаги лойиҳаларга сарфланади.

АҚШ ўтган йиллар давомида ҳам Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари учун тренинг ва семинарлар ўтказган эди. АҚШ Давлат департаменти томонидан эълон қилинган “Инсон ҳуқуқлари ва демократияни қўллаб-қувватлаш: 2003-2004 йилларда АҚШ томонидан амалга оширилган ҳаракатлар” номли ҳисоботда ҳам бу ҳақда айтиб ўтилганди. Ўшанда “Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Тошкентдаги вакиласи Алисон Гилл хоним АҚШнинг бу борадаги ёрдамларига баҳо бериб, бундай деган эди:

“Америка фуқароси ва солиқ тўловчиси сифатида шунча пулнинг айнан ҳуқуқ-тартибот органларига сарфлангани мени ажаблантирмоқда. Чунки бу ҳаракатлар ҳеч қандай ижобий натижа бергани йўқ. Демак, ўтказилган тренинглар фойдасиз бўлган, маблағ кўр-кўрона ҳавога совурилган”.

Аммо Ташқи ишлар вазирлигида маросимда АҚШ элчиси Жон Пурнелл икки мамлакат ҳуқуқшунослари ўртасида жуда яхши алоқалар ўрнатилиб келинаётганини таъкидлади. Унинг айтишича, бу ҳақда газеталарда ёзилмаган бўлиши мумкин. Аммо профессионал даражада ҳамкорлик мавжуд.

Ажратилаётган молиявий ёрдам, шунингдек, гиёҳванд моддалар контрабандасини назорат қилишга ҳам сарфланиши маълум қилинмоқда. Ж.Пурнеллнинг таъкидлашича, ўзбек ҳамкасблари билан ҳамкорликда иш олиб бораётган америкалик мутахассислар бу борадаги ишлар яхши самара бераётганини айтмоқда.

“Умуман, гиёҳванд моддалар контрабандасини назорат қилиш борасидаги дастур қойилмақом бажарилмоқда”, деди элчи.
XS
SM
MD
LG