Линклар

Ҳоким ишни дуо олишдан бошлади


Турғунбек Андижон вилоятига яқиндагина ҳоким этиб тайинланган Сайдулло Бегалиев ишни ёйма бозорида савдо қилишга рухсат этилмаётганидан норози бўлган фуқаролар билан учрашувдан бошлади.

Андижон шаҳрининг Узум бозори ташқарисидаги йўлакларда буюм ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сотиш билан мингга яқин фуқаро машғул. Бироқ маъмурлар бу ерда савдо қилинишига тўсқинлик қилаётган эди. Бундан норози бўлган ёймачилар ва деҳқонлар 22 майдан буён маъмурларнинг бу хатти-ҳаракатларига эътироз билдириб келаётган, эътирозлар эса эътиборга олинмаётганди. 27 май куни ёймачилар ва ҳокимият вакиллари ўртасида низо ва тўқнашувлар бўлди. 28 май куни эрталаб ҳам маъмурлар савдога тўсқинлик қилгандан сўнг 200 га яқин аёл кўчадаги транспорт қатновига халақит берган ҳолда вилоят ҳокимлиги биноси томон юриш уюштирди.

Аёлларнинг сўзларига қараганда, уларни вилоят ҳокими С.Бегалиевнинг ўзи кўчага чиқиб кутиб олган. Ҳоким ёймачилар билан жуда яхши муносабатда бўлган. У фуқароларга барча ишларида ёрдам беришини, уларга таяниб фаолият кўрсатишини айтган. Ҳокимнинг яхши муомала ва муносабатидан кўнгли ийиб кетган 80 ёшли Кимёхон ая Ҳайдарова уни дуо қилган.

Хабарларга қараганда, С.Бегалиев Андижон шаҳри ҳокими ва ички ишлар бўлими раҳбарларига ёймачиларнинг савдо қилишига 15-20 кун давомида тўсқинлик қилмай туришни буюрган. У аёлларга муаммони шу муддат ичида кўриб чиқиб, ҳал этишга ваъда берган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Дилшод Тиллахўжаевнинг фикрича, вилоят ҳокими фуқаролар билан учрашгани жуда яхши ҳолат. Агар у бу ишини кейин ҳам давом эттирса, яхши натижаларга эришиш мумкин. Собиқ ҳоким Обидов илгари нафақат халқ вакилларини, балки республика бошқарувида ишлайдиган шахсларни ҳам қабул қилмаган. Янги ҳокимнинг қандай ишлашини эса вақт кўрсатади.
XS
SM
MD
LG