Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:48

Лойиҳа чегаралар мустаҳкамлигига хизмат қилади


Тўлқин 31 май куни БМТ Қочқинлар масаласи бўйича олий комиссарлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонасида “Марказий Осиёда чегараларни бошқариш” лойиҳаси якунлангани муносабати билан матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуманда маълум қилинишича, ушбу лойиҳа Олий комиссарлик ва Ўзбекистоннинг Давлат чегараларини қўриқлаш бўйича қўмитасининг қўшма лойиҳасидир. Лойиҳа бўйича жорий йилнинг февраль ойидан бошлаб то шу кунгача Термиз ва Фарғона водийси чегара пунктларида чегарачилар билан ўқув машғулотлари ва семинарлар ташкил этилган. Тингловчиларга қочқинларнинг халқаро ҳуқуқлари, бошпана сўраш ҳуқуқи, уларнинг чегарадан ўтиш муаммолари халқаро меъёрларга кўра қандай ҳал этилиши, бу борадаги мавжуд тартиб-қоидалар ҳақида тушунча берилган.

Олий комиссарликнинг Ўзбекистондаги миссияси раҳбари Абдул Карим Гулнинг сўзларига қараганда, лойиҳани амалга оширишдан кўзланган асосий мақсад давлат хавфсизлиги ва инсон ҳуқуқлари, жумладан, бошпана сўраш ҳуқуқини ўзаро уйғунлаштиришдан иборат.

Анжуманда таъкидланишича, мазкур лойиҳани амалга ошириш учун Европа Иттифоқи томонидан 66 минг доллардан ортиқ маблағ ажратилган. Лойиҳада Термиз ва Фарғона водийсидаги иккита чегарадан ўтиш пунктига уларнинг техник салоҳиятини ошириш мақсадида замонавий асбоб-ускуналар тақдим этиш кўзда тутилган.

Абдул Карим Гулнинг билдиришича, тугалланган ушбу лойиҳа ҳамкорликни келажакда яна давом эттириш мақсадида ўтказилган синов амалиётидир.

БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Эрик де Мулнинг айтишича, сўнгги йилларда Марказий Осиёда янги давлатлар, янги чегаралар пайдо бўлгани ва бу чегараларда замонавий асбоб-ускуналарга эҳтиёж борлиги эътиборга олиниб, ушбу лойиҳани амалга ошириш мақсадга мувофиқ топилган. Лойиҳада асосий эътибор чегараларда менежмент, яъни бошқарувни ишга туширишга қаратилган.

“Ҳозирги кунда наркотик моддалар ва қурол-аслаҳа савдоси, одам траффиги кўпайгани кузатилмоқда. Шу боис, чегараларда иш самарадорлигини ошириш учун ўтиш пунктларини замонавийлаштириш эҳтиёжи туғилди. Лойиҳанинг ижобий жиҳати шундаки, унда алоҳида бир давлатга эмас, балки минтақадаги барча мамлакатларга чегаралардаги техник воситаларни замонавийлаштириш борасида кенг ёрдам кўрсатиш кўзда тутилган”, деди БМТ мувофиқлаштирувчиси.

Анжуманда Ўзбекистоннинг БМТ томонидан 1951 йилда қабул қилинган қочқинлар мақоми тўғрисидаги халқаро конвенцияга ҳозиргача қўшилмагани ҳам айтиб ўтилди.
XS
SM
MD
LG