Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:52

РЕЗОЛЮЦИЯ ИРОҚ ДЕЛЕГАЦИЯСИНИ КУТМОҚДА


Ироқда хокимият 30 июнда ироқликларга топширилишини кўзда тутувчи резолюция лойиҳаси атрофидаги мухокамалар БМТ Хавфсизлик Кенгашида давом этмоқда. Сешанба куни Ироқда Муваққат Ҳукуматнинг тасдиқлангани эса ушбу мухокамаларни янада жонлантирди. АҚШ ва Британия БМТ Хавфсизлик Кенгашига Ироққа суверенитет бериш жараёни аниқроқ ифодасини топган резолюция лойиҳасини тақдим этди. Бироқ, Хавсизлик Кенгашига аъзо айрим давлатлар вакиллари резолюция лойиҳаси Ироқ Муваққат Ҳукумати билан маслахатлашилиши керак, деган фикрдалар.

Ироқда хокимият шу ой оҳирида ироқликларга топширилишини кўзда тутувчи резолюция лойиҳаси қайта кўриб чиқилганидан сўнг ундаги айрим мавхумликлар бироз ойдинлашгани айтилмоқда. Биласиз, ўтган хафта Хавфсизлик Кенгашига тақдим этилган резолюция лойиҳасида Ироқдаги халқаро кучлар мақоми ва уларнинг Ироқ Муваққат ҳукумати билан қай тарзда иш олиб бориши жуда мавхум тарзда ифодаланган ва шу боис Хавфсизлик Кенгаши аъзолари унининг қайта кўриб чиқилишини сўрашган эди.

"Озодлик" радиосининг БМТдаги мухбири Роберт МакМахоннинг хабар беришича, резолюция лойиҳасига киритилган янги ўзгартишлар Хитой, Франция, Россия каби Хавфсизлик Кенгаши доимий аъзолари талаби билан киритилган. Масалан, янги ҳужжатда Ироқ полицияси ва чегара ҳарбий бўлинмалари Ироқ Муваққат Ҳукумати назоратига ўтиши таъкидланади. Олдинроқ, Хитой, Франция, Россия резолюция лойиҳаси Ироқ муваққат ҳукуматига ҳарбий сохада етарли мустақиллик бермаслигини танқид қилган эи. Шунингдек, АҚШ етакчилигидаги халқаро кучларнинг Ироқда қанча муддат қолиши ҳам аниқ белгиланган резолюция лойиҳасида. Қайта кўриб чиқилган резолюция лойиҳасида айтилишича, АҚШ етакчилигидаги халқаро кучлар мондати Ироқда янги конституция асосида демократик сайловларга етакловчи сиёсий жараён якунланиши билан тугайди. Яъни, бу жараён 2005 йил декабригача бўлган даврни ўз ичига олади. Халқаро кучлар Ироқдан эртароқ ҳам олиб чиқилиши мумкин. Янги резолюция лойиҳасида агар 2005 йил январда сайланадиган Ироқ ўтиш даври ҳукумати халқаро кучлари мақоми тугашини лозим топса буни талаб этиш ҳаққига эгалиги айтилади. Аммо, БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзолари резолюциянинг шу ва бошқа жиҳатлари янги тузилган Ироқ Муваққат Ҳукумати аъзолари билан мухокама этилганидан сўнг у овозга қўйилишини хоҳлашмоқда.

Чоршанба куни Ироқ Ташқи ишлар вазири Хушёр Зебари бошлиқ делегациянинг Ню Йоркдаги БМТ қароргоҳига келиши кутилмоқда. Аммо, маслаҳатлашув жараёни қанча вақт олади бу ҳозирча номаълум. Аммо, сешанба куни АҚШ Президенти Жорж Буш ўз чиқишида Хавфсизлик Кенгашини бу жараённи тезлаштиришга чақирди. "Биз барча томон вакиллари билан ишлаяпмиз. Аммо, Бирлашган Миллатлар Ташкилотини биласиз. Айрим холларда у секин, айрим холларда эса тез ишлайди. Аммо бу масала қанча тез ҳал бўлса шунча яҳши. Чунки, бу янги Ироқ ҳукумати учун жаҳон сиз билан бирга, деган дарак бўлади", - деди Президент Буш.

30 июнда хокимият ироқликларга топширилганидан сўнг Ироқдаги халқаро кучлар қандай ваколатга эга бўлади?

Америка ва Британия ишлаб чиққан резолюция лойиҳасида айтилишича, АҚШ етакчилигидаги халқаро кучлар Ироқда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган ҳар қандай зарурий чорани қўллаш ваколати эга бўлади. БМТдаги АҚШ дипломатига кўра, резолюциянинг бу банди Ироқдаги халқаро кучларининг ўзини ўзи ҳимоя этиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида киритилган.

Ироқ Муваққат ҳукумати ва халқаро кучлар ҳарбий қўмондонлиги ўртасидаги муносабатлар қандай бўлади.

Резолюция лойиҳасига кўра, ҳар икки томон ўзаро ёзишмалар орқали фаолиятларини мувофиқлаштириб борадилар. Яъни, Ироқдаги халқаро кучлар мамлакатда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда ироқ Муваққат ҳукумати билан бамаслаҳат иш олиб боради.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзоларининг янги тақдим этилган резолюция лойиҳасига қандай муносабат билдиришяпти?

Хавфсизлик Кенгашига аъзо ягона араб давлати ҳисобланган Жазоирнинг БМТдаги элчиси Абдулоҳ Баали ўзгартишлар киритилган резолюция лойиҳасини олқишлади. Аммо, Ироқ муваққат ҳукумати ва халқаро кучлар мамлакатда хавфсизлик таъминлашни қандай мувофиқлаштиришлари резолюцияда янада аниқ тарзда ифодаланиши лозимлигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG