Линклар

Чегарада уй қурманг


Турғунбек Хабарларга кўра, Ўзбекистоннинг Андижон вилоятида Қирғизистон билан чегара ўтган ҳудудда қурилган уйлар бузиб ташланиб, ўртага тиканли сим тортилмоқда.

Марҳамат туманидаги Мадумар Тешабоев номидаги ширкат хўжалигида жойлашган Қорабағич қишлоғида 70 га яқин хонадон бор. Бугун қишлоқдаги чегара чизиғи устида қурилган кўпгина уйлар бузиб ташланмоқда.

“Чегара сими уйимизнинг ичидан тортиляпти. Уйимнинг уч хонаси қўшни давлат ҳудудида қурилган ҳисобланиб, бузиб ташланади. Бешта фарзандим бор. Ногирон қайноғам, жами уч хўжалик менинг қарамоғимда. Беш йил бурун уйимиз чегара ҳудудида тушиб қолганини айтишиб, қурилиш қилмаслигимиз лозимлиги ҳақида огоҳлантиришганди. Ҳозир чегара чизиғи устида қурилган 11 та хонадон бузилишини айтишяпти. Чегара чизиғини уйлардан ажратиб турувчи эни 50 метрлик зона бўлиши керак экан. Агар шундай бўлса, камида 50-60 хонадон бошқа жойга кўчирилади”, дейди қорабоғичлик Ёрқиной Йўлдошева.

Шу қишлоқлик Гулшода Абдусаматованинг сўзларига қараганда, чегара чизиғи ҳудудида қурилиш қилмаслик тўғрисида огоҳлантирилгандан сўнг у бир хонали уйида ўтирган. Бироқ шарт-шароитини яхшилаш учун ҳаммом, отхона, бостирма қурган. Энди эса фақат бир хонали уйи қолиб, бошқа иншоотлар бузиб ташланяпти.

Ўқитувчи Баҳодир Холназаровнинг таъкидлашича, маъмурлар унга қурилиш қилиш учун саккиз сотих ер ажратиб берган. Маъмурлар бузилган уйлар учун товон пули жуда оз бўлиши ҳақида гапирмоқда.

Марҳамат тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Эркин Мажидов тақдим этган маълумотларга кўра, туман ҳокимлиги уйи бузилганидан норози бўлаётган икки фуқаро устидан судга мурожаат этиш учун ҳужжатлар тайёрланмоқда.
XS
SM
MD
LG