Линклар

logo-print

Ҳужжат имзоланмаган, демак аниқ чегара ҳам мавжуд эмас


Шайбон Маълумотларга қараганда, 28 май куни Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон томони Қирғизистон чегарасини бузган ҳолда девор қураётганига эътироз билдириб, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига норозилик нотаси жўнатган.

Қирғизистоннинг Тошкентдаги элчихонаси биринчи котиби Нурлан Алимбеков Ўзбекистонга нота жўнатилганини тасдиқлади.

“Ўзбекистон томони бизнинг чегара ҳудудимизда девор қура бошлади. Маҳаллий ҳокимият вакилларининг воқеа жойида тушунтириш ишлари олиб бориши натижасида девор қурилиши тўхтатилди. Мазкур иш юзасидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига норозилик нотаси юбориш маъқул топилди”, деди Н.Алимбеков.

Элчихона котибининг сўзларига қараганда, девор қурилиши Қирғизистоннинг Ўш вилояти Қорасув тумани ҳудудида олиб борилган.

“Бу ўзга давлат ҳудудига дахл қилиш билан баробар”, демокда Қирғизистон расмийлари.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Илҳом Зокировнинг таъкидлашича, Қирғизистон расмийларининг даъволари мутлақо асоссиздир. Чунки икки давлат ўртасида чегаралар бўйича умумий келишув мавжуд эмас. Делимитация жараёни эса ҳали ҳам давом этяпти. Токи чегаралар расмий ҳужжатлар орқали тасдиқлаб олинмас экан, қандайдир ноқонуний ҳаракатлар, ўзга давлат ҳудудига дахл қилиш қабилидаги эътирозлар асоссиздир.

И.Зокировнинг маълум қилишича, ҳозирда икки давлат ўртасида собиқ иттифоқ даврида белгиланган майдон мазкур мамлакатлар ҳудудларини ажратиб турувчи ўзига хос чегара чизиғи вазифасини ўташи ҳақидаги келишув мавжуд. Аммо бу чегара тўла маънодаги ҳуқуқий кучга эга чегара ҳисобланмайди. Икки давлат бирдай тан олгандан кейингина чегара аниқ бўлиши мумкин. Тан олиш эса оғзаки келишув ёки бирор давлат ташқи сиёсат маҳкамасининг баёноти билан амалга ошмайди. Чегара икки давлат расмийлари томонидан имзоланган ҳуқуқий ҳужжатлар асосида тан олинади.
Ҳужжатлар эса одатда чегарани аниқлаш ишлари якунлангандан сўнг томонларнинг ўзаро келишуви натижасида имзоланади. Шундан сўнггина чегара ҳуқуқий мақом олиб, унинг дахлсизлиги ҳақида гапириш ўринли бўлади. Ҳозир эса Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида аниқ белгиланган чегара мавжуд эмас.

Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган маълумотларга қараганда, шу кунларда Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегара ҳудудларини аниқлаш ишлари ниҳоясига етказилган. Тошҳовуз вилоятидаги шу вақтгача баҳсли ҳисоблаб келинган 17867 гектар майдон Туркманистон ҳудуди сифатида тан олинган. Собиқ иттифоқ даврида бу майдон Ўзбекистон хўжаликларига фойдаланиш учун ижарага берилган.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати вакили Туркманистон билан чегара ҳудудларини аниқлаш жараёни ниҳоясига етказилганини тасдиқлади. Унинг айтишича, икки давлат чегарасидаги баҳсли ҳудудлар муаммоси қандай ҳал этилгани ҳозирча номаълум. Чунки Ўзбекистоннинг чегара масаласи билан шуғулланаётган ҳукумат комиссияси ҳали Туркманистондан қайтиб келгани йўқ.
XS
SM
MD
LG