Линклар

logo-print

Тижоратчилар бозор деворини бузиб ташлади


Хабарларга қараганда, 31 май куни Хоразм вилоятидаги Хева деҳқон бозорида савдо қилувчи тижоратчиларнинг норозилик чиқиши юз берган. Тижоратчилар бозор ҳудудида қурилаётган пахса деворни бузиб ташлаган.

Воқеа гувоҳларининг айтишича, бозордаги узунлиги 15 метр, баландлиги 3 метрлик деворни йиқитишда беш юзга яқин киши иштирок этган. Бир аёл бу девор кишиларга ноқулайлик туғдираётганини таъкидлаб, одамларни уни бузиш ташлашга даъват этган. Бу воқеани кузатиб турган бозор маъмурияти ва милиция ходимлари ҳам тижоратчиларни тўхтатиб қола олмлаган. Нотаниш аёлни милиция олиб кетмоқчи бўлган, лекин халқ бунга йўл қўймаган.

Хева тумани ички ишлар бўлимининг профилактика инспектори, милиция подполковниги Тоҳир Жабборовнинг сўзларига қараганда, деворни бузишга даъват этган аёлнинг исми Зулхумор бўлиб, унинг бир неча қариндоши бозорда тижорат дўконларига эга. Девор мана шу дўконларда савдо қилишга халақит берган. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари кўрган чоралар туфайли бу вақтда бозорда жиддий қонунбузарликлар рўй бермаган.

Бозор назоратчиси Бозорбой Ҳасановнинг таъкидлашича, Хева тумани ҳокимининг жорий йил 27 майдаги Хева деҳқон бозорини иккига - буюм ва деҳқон бозорларига ажратиш тўғрисидаги қарорига кўра, бу ерда 155 метр узунликдаги девор қурилаётган эди.

Маълум бўлишича, 1 июнь куни девор қурилиши яна давом эттирилаётган бир пайтда бозор ҳудудида бир неча тижорат дўкони бўлган Абдушариф Эгамов усталарни ҳайдаб юборган. Унинг айтишича, халқнинг ташвиши шундай ҳам ошиб-тошиб ётган бир вақтда, яна қўшимча муаммо чиқариш ярамайди. Девор қурилса, бир бозордан иккинчисига ўтиш учун анча йўл босишга тўғри келади.
XS
SM
MD
LG