Линклар

12 ёшли Ҳуршида Султоновани ким ўлдирган эди?


Абдуллоҳ Эргаш Аввалги эшиттиришларимиздан бирида Россиянинг Санкт – Петербург шаҳрида 12 ёшли тожик қизи Ҳуршида миллатчи ёшларнинг скинхед гуруҳи томонидан калтаклаб ўлдирилгани ҳақида хабар берган эдик. Бу воқеа Россия жамоатчилигида катта шов- шувга сабаб бўлди. Санкт-Петербург губернатори Матвиенко эса, ҳуқуқ-тартибот ходимларига Ҳуршиданинг қотилларини тезликда топиш ҳақида кўрсатма берган эди. Куни – кеча Россия Ички Ишлар Вазирлиги тожик қизининг қотиллари топилгани ҳақида хабар берди.

Cанкт-Петербург прокуратураси ўтказган тергов натижаларига кўра, 12 ёшли Ҳуршида Султоновани калтаклаб ўлдиришда 12 ўсмир иштирок этган. Ҳодиса 9 феврал куни сожир бўлган. Ҳуршида отаси ва укаси билан сайрдан қайтаётганда, пиво ичиб ўтирган ўсмирлар уларга ҳужум қилишади. Ҳуршиданинг укаси яқин атрофда турган автомашинанинг остига беркинишга улгуради. Ҳуршида Султонова эса отаси ва укасининг кўзи ўнгида ўлдирилади.

Cанкт-Петербург милициясига кўра, ҳозирги кунда ушбу қотилликни содир этганлардан 9 киши қўлга олинган. Қолганлари қидирилмоқда.

“Озодлик” радиоси рус хизмати мухбири Димитрий Казниннинг хабар қилишича, қотилликни содир этганлар скинхедлар, яъни ашаддий миллатчилар гуруҳининг аъзолари бўлишган.

”Гувоҳларга кўра, тожик оиласига ҳужум қилганлар скинхедлар бўлишган. Улар каклтаклаш пайтида “Россия руслар учун”, деб бақиришган”, - деб хабар беради Димитрий Казнин.

Бу ходиса Cанкт-Петербургда орасида катта шов-шувга сабаб бўлди. Шаҳарликлар жиноятни содир этганлар тезликда топилиши ва жазога тортилишини, шаҳардаги фашист гуруҳларини тугатишни талаб қилдилар. Бироқ, Cанкт-Петербург жиноят қидирув полицияси бошлиғи Владислав Пиатровский тожик қизини ўлдирганлар скинхедлар эмас, балки оддий безорилар эканнини маълум қилди.

Расмийга кўра, безорилар кам таъминланган оилаларнинг фарзандларидир. Улар тожик оиласига ҳужум қилган пайтда маст ахволда бўлганлар.

Cанкт-Петербургдаги “Фуқаролик назорати” жамоат ташкилоти ҳамраиси, ҳуқуқ ҳимоячиси Владимир Вдовин эса, милиция шаҳарда фашист гуруҳлари мавжуд эканлигини тан олишни ва уларга қарши курашни истамаяпти, деб фикр билдиради:

”Менимча, бизнинг ҳуқуқ-тартибот тизимларимиз доимо мамлакатимизда ирқчилик мавжуд эканлигини хаспўшлашга ҳаракат қиладилар. Аслида эса, жамиятда фашизм муаммоси мавжуд ва бунинг олди олинмаса, оқибати жуда ачинарли бўлади,” - деди Владимир Вдовин.

Россия матбуотининг билдиришича, сўнгги йилларда скинхедлар томонидан Cанкт-Петербургда бир неча чет эллик ўлдирилган. Улар калтаклаган одамлар эса юзга яқин. Cанкт-Петербург аҳолиси расмийлардан бундай ҳолатга чек қўйишни қатъий равишда талаб қилмоқда. Фақат жамоатчиликнинг қатъий босими билангина шаҳар бозорида тарвуз сотувчи озарбайжонликнинг қотиллари қўлга олинди. Бу иш юзасидан Россия тарихида биринчи марта мамлкат Жиноят Кодексининг “ирқчилик туфайли содир этилган қотиллик” моддаси асосида айбланган одамлар маҳкамага тортилди. Бироқ, суд ўлдириш жараёни видеотасвирга олинган қотилликни эҳтиётсизлик натижасида содир этилган қотиллик деб баҳолади. “Озодлик” мухбири Димитрий Казнин гапиради:

”Суд айбланувчилардан бирини суд залидан озод қилди. Бироқ, кузатувчи ва ҳуқуқ ҳимоячилари айнан шу айбланувчи қотилликнинг уюштирувчиси эканини айтмоқдалар,” -деб билдиради Димитрий Казнин.

Санкт – Петербург прокуратурасига кўра, яқин кунларда Ҳуршида Султонованинг қотиллари ҳам маҳкамага тортилади.
XS
SM
MD
LG