Линклар

logo-print

Эроннинг ядровий режалари масаласи


Азизулло Арол Эроннинг ядровий масалалар бўйича вакили Ҳасан Руҳоний Халқаро Атом Энергияси Агентлигининг сўнгги ҳисоботи Эроннинг ядорвий дастурига оид сирлари қолмаганини кўрсатишини баëн этди.

Халқаро Атом Энергияси Агентлиги (ХАЭА) ҳисоботида айтилишича¸ Эрон уранни бойитиш бўйича технологияларни хориждан олиб келган. Бироқ¸ илгари Теҳрон ҳукумати ҳамма технологиялар ва ускуналар мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилганини таъкидлаган эди.

ХАЭА қайд этишича¸ яқинда Эронда бойитиган уран белгилари топилган. Бироқ¸ Эрон расмийси Руҳоний чет элдан сотиб олинган асбоб-ускуналарда уран қолдиқлари бўлган бўлиши мумкинлиги ҳамда агентлик иддаоларини тасдиқлаш учун текширувлар ўтказиши кераклигини айтди.

Аммандаги Халқаро Буҳронларни ўрганиш гуруҳи таҳлилчиси Робин Бэтти Эроннинг ядровий дастури хусусида шундай фикр билдиради:

"Халқаро Атом Энергияси Агентлигининг ошкор қилган маълумотлар жиддий кўринади. Умуман олганда ўзоқ вақтдан буëн давом этиб келаëтган муаммолар сақланиб қолмоқда. Бу ерда масала Эронинг ҳарбий соҳада ядровий масалаларга доир илмий тадқиқотлар олиб бораëтгани эмас. Муҳими шундаки¸ мамлакат шу ишларни яширишга уринаëтгани".

ХАЭА Эрон ўз ядровий дастурларини ошкор этганини олқишлагани баробарида бу соҳада ҳали кўп муаммолар ҳал бўлмаганини билдиради.Хусусан ташкилот Эрон центрифугаларни яратиш ишларини ваъдаларига қарамай давом эттираëтганини маълум қилади. Центрифугалар уранни бойитиш учун қўлланувчи ускуна ҳисобланади.

Эрон ядровий дастурлари тўғрисидаги янги ташвишларга қарамай¸ ХАЭА раҳбари Муҳаммад Ал Барадий БМТ кузатувчилари Эроннинг ядровий дастурлари ҳарбий мақсадларга қаратилганига оид далиллар топмаганини айтади. Маълум бўлишича¸ ХАЭА сўнгги ҳисоботи 14 июнда ташкилот раҳбарлари учрашувида муҳокама этилади.

Вашингтон Эронни Ядровий қуроллар ишлаб чиқаришга уринаëтганликда айблаб келмоқда. АҚШ Давлат Котиби ўринбосари Жон Болтон Эрон ядровий технологияларни хориждан олиб келгани ҳақидаги маълумотларга муносабат билдириб¸ Теҳрон БМТ Хавфсизлик Кенгаши олдида жавоб бериши кераклигини баëн қилди.
Бироқ Эрон ҳукуматига кўра¸ унинг ядровий дастурлари фақат тинч мақсадларга қаратилган.

Ўтган ҳафта Эрон Президенти Муҳаммад Хотамий¸ агарда БМТ Эрон ҳамкорлигини тан олмаса¸ Теҳрон уранни бойитиш ишларини қайта бошлаши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирди.
XS
SM
MD
LG