Линклар

"Казахгейт" бўйича судловолди эшитувлари бошланди.

  • Сарвар Усмон

3 июн, пайшанба куни АҚШ Федерал Судида Америка фуқароси Жеймс Гиффен иши юзасидан шу йил кузида бошланадиган маҳкама жараёни олдидан мамлакат судлов тизимидаги тартибга биноан дастлабки –судловолди эшитувлари бошланди.

Бу эшитувлар, гарчи Америкада ва шу мамлакат фуқароси устидан бошланган бўлса-да, унинг Марказий Осиё минтақасига, аниқроғи, Қозоғистонга бевосита алоқаси бор. Чунки, Гиффен бу мамлакат олий лавозимли амалдорларига катта миқдорда пора берганликда айбланмоқда.

Пайшанба куни бошланган судловолди эшитувлари тафсилотлари билан ҳамкасбим Сарвар Усмон таништиради. Марҳамат.

С.У.: Раҳмат Хасанжон.

"Казахгейт" деган ном билан машҳур бўлиб, оммавий ахборот воситаларида анча вақтдан бери тилга олинаётган, Қозоғистон жамоатчилиги катта қизиқиш билан кутаётган суд жараёнининг дастлабки босқичи –судловолди эшитувлари, ҳозиргина ўзингиз айтганингиздай, ниҳоят бошланди.

АҚШнинг Федерал Судида бўлиб пайшанба куни бўлиб ўтган дастлабки эшитувлар давомида Жеймс Гиффен...

Ҳ.: Сарвар ака, кечирасиз, келинг шу ўринда тингловчиларимизга Жеймс Гиффеннинг зиммасига юкланаётган айблов деталлари тўғрисида қисқагина маълумот бериб қўяйлик.

С.У.: Майли, Хасанжон.

Демак, АҚШ фуқароси Жеймс Гиффен 90 йилларда Қозоғистон Президентининг маслаҳатчиси лавозимида ишлаб турган пайтида 78 миллион доллардан кўпроқ маблағни Америка нефт компанияларидан олиб Нурсултон Назарбоевга пора сифатида берганликда айбланмоқда. Қозоғистондаги нефт конларида ишлаш ҳуқуқини қўлга киритиш учун Гиффен Назарбоевдан ташқари бошқа юқори лавозимли амалдорларга ҳам пора берганликда айбланмоқда.

Ҳ.: Демак, пайшанба куни бошланган судловолди эшитувлари мана шу айблов билан боғлиқ...

С.У.: Худди шундай.

АҚШнинг Федерал Судида пайшанба куни бўлиб ўтган дастлабки эшитувлар давомида Жеймс Гиффеннинг адвокатлари Федерал судя Вильям Пейлини Гиффенга қарши қўзғатилган ишни тўхтатишга чақирдилар. Улар ўз талабларини асослашга уринар эканлар, Жеймс Гиффен Қозоғистон раҳбарияти талабларини бажарган бўлиши мумкин холос, дедилар.

Ҳ.: Расмий Астананинг бу ишга муносабати қандай бўлаяпти?

С.У.: Бу саволингизга Вашингтондаги Иқтисодий ва Сиёсий тадқиқотлар халқаро маркази директори Ринат Ахметшиннинг сўзлари билан жавоб бермоқчиман.
У Озодлик радиоси саволларига жавоб берар экан, Қозоғистон ҳукумати АҚШ-Қозоғистон муносабатларига салбий таъсир етишидан чўчиб, Гиффеннинг ҳимоячиларига таъсир ўтказишга ҳаракат қилганини айтади:

"Қозоғистон ҳукумати мазкур ишни тўхтатишга жуда қаттиқ уринди. Бу мамлакат расмийлари томонидан ёлланган адвокатлар ишни тўхтатишни сўраб АҚШ Адлия вазирлигига мурожаат қилар экан, ўз сўровларини ишнинг халқаро аҳамиятга эга эканлиги билан изоҳлашга ҳаракат қилдилар".

Пайшанба куни судловолди эшитувлари бошланган экан, демак, бу ҳаракатлардан самара чиқмаган.

Келинг яна судловолди эшитувларига қайтайлик.

Гиффеннинг ҳимоячилари фикрича, у 1995 – 1999 йилларда Қозоғистон расмийларининг Швейцария банкларидаги ҳисобларига 78 миллион доллардан кўпроқ маблағнинг ноқонуний ўтказилишига воситачилик қилган экан, Қозоғистон раҳбарияти талабини бажарган бўлиши мумкин. Ва шунинг учун ҳам унинг ҳаракатларида жиноят аломати йўқ.

Ҳ.: Айблов фикричи?

С.У.: Гап ўзи шунга келиб тўхтовди. Айблов томони фикрича, бу ишга Гиффеннинг ўша пайтдаги мақоми, яъни Қозоғистонда эгаллаб турган лавозимининг алоқаси йўқ. Банкларга ўтказилган пуллар давлат ҳисобига эмас, балки Президент Назарбоевнинг шахсий ҳисобига, унинг оила аъзолари ҳамда Нефт саноати вазирлигининг собиқ раҳбари Нурлан Балғимбоевнинг шахсий ҳисобига ўтказилган. Айни шу ишга воситачилик қилган эканми, демак, Гиффен айбдордир. Бу - айблов томони фикри.

Шуниси қизиқки, адвокатлар шунингдек, Гиффен Қозоғистонда АҚШ хавфсизлик хизматининг "кўзи ва қулоғи" бўлиб юрган, демак, у АҚШ ҳукумати манфаатлари ишлаган деяптилар.

Бироқ, Гиффен иши билан яқиндан таниш бўлган юрист Чарлз Бофс бу фикрга ишонавермаслигини билдирди.

Ҳ.: Демак, энди Жеймс Гиффеннинг судга берадиган кўрсатмаларидан кўп нарсага ойдинлик кириши мумкин...

С.У.: Ҳа, у берадиган кўрсатмалардан бир неча йилдан бери чўзилиб келаётган можаро бир ёқлик бўлиши мумкин. Бироқ, кузатувчилар у бериши мумкин кўрсатмалардан кўп нарса кутмаяптилар. Қозоғистон бўйича мутахассис Марта Олкотт эса, Гиффен судга ҳеч қандай кўрсатма бермайди, деб ҳисоблашини билдирган. Унинг фикрича, агар Гиффен суд билан ҳамкорлик қилишга борса ва Қозоғистондаги фаолияти тўғрисида ҳамма нарсани айтиб берса, Назарбоевнинг халқаро обрўсига путур етади. Бироқ, унинг АҚШ ҳокимияти билан узоқ вақт ҳамкорлик қилмаслиги ҳам Назарбоевнинг сиёсий обрўсини тўкиб бўлди.
XS
SM
MD
LG