Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:17

Жиноятчиларнинг чўнтагига қурт тушади


Тўлқин Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг жорий йил апрель ойида бўлиб ўтган сессиясида “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.

Иқтисодчи Шоҳрух Файзиевнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда мазкур қонуннинг кеч бўлса-да, муҳокамага қўйилиши ижобий ҳодисадир. Шунга қарамай, бундай қонун 4-5 йил олдин қабул қилинса, янада ўринли бўлар эди. Чунки бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнида жисмоний ва юридик шахслар томонидан ноқонуний даромад олиш ҳолати доимо мавжуд бўлади.

Лойиҳасида белгиланишича, қонун кучга киргандан сўнг Ўзбекистонда пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ ҳолда айрим молиявий операцияларни амалга ошириш устидан назорат ўрнатилади. Масалан, агар операция суммаси энг кам иш ҳақининг 4000 баробарига тенг ёки ундан ортиқ бўлса (21 миллион сўм ёки 21 минг АҚШ долларидан ортиқ), Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланадиган махсус ваколатли давлат органи томонидан мажбурий назорат қилинади.

Ҳуқуқшунос Гулнора Эшонхонованинг сўзларига қараганда, мазкур қонун орқали давлат жиноий гуруҳлар ёки террорчилик ташкилотлари томонидан жиноий ёхуд ноқонуний йўллар билан топилган маблағларни легаллаштиришнинг олдини олишни мақсад қилган. Қонунга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг махсус органи мажбурий назоратни амалга оширса, ички назоратни мазкур орган Марказий банк билан келишган ҳолда олиб боради.

Г.Эшонхонованинг айтишича, қонунда молиявий операциянинг назорат қилинаётганидан тегишли жисмоний ёки юридик шахсни хабардор қилиш кўзда тутилмаган. Мазкур ҳолат Ўзбекистон Конституцияси, инсон ҳуқуқлари ёки халқаро меъёрларга қанчалик мос келишини ўйлаб кўриш керак.

- Лойиҳада яна бир диққатни тортадиган ўрин бор, - дейди ҳуқуқшунос. – Банклар тўғрисидаги қонунга кўра, банклар фаолияти одатда мижоз талабига асосан молиявий операцияларни амалга оширишдан иборат. “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасига кўра эса банк қўшимча равишда назорат ишларини ҳам олиб бориши керак.

Таъкидлаш керакки, мазкур қонун лойиҳаси айни пайтда муҳокамага қўйилган. Табиийки, у қабул қилинишидан олдин ўзгартирилиши, тўлдирилиши мумкин.

Шунга қарамай, Ш.Файзиевнинг фикрича, мустақиллик йиллари, ундан олдинги тўрт-беш йил давомида ноқонуний топилган жуда кўп маблағлар Ўзбекистондан чиқиб кетган. Мазкур қонун қабул қилингач, бу маблағларни мамлакатга қайтариш учун имкон қолмайди. Шу боис, қонунни амалга киритишдан олдин ушбу маблағларга амнистия эълон қилиш, яъни легаллаштириш чорасини кўрган маъқул. Қозоғистонда бу борада қилинган иш яхши самара берган.

Г.Эшонхонованинг таъкидлашича, агар ноқонуний ёки жиноий йўллар билан ўзлаштирилаётган маблағлар давлат ҳисобига мусодара қилиниб, банкларда қолдирилса, ушбу маблағлар халқ манфаати йўлида сарфланишига умид қилиш мумкин.
XS
SM
MD
LG