Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:56

Ҳомид Карзай ШҲТ саммитида қатнашади


Шайбон 3-4 июнь кунлари Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлат Хавфсизлик кенгашлари раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди. 4 июнь куни учрашув қатнашчилари қисқача брифинг ўтказди.

Маълум бўлишича, учрашувда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик кенгаши котиби Руслан Мирзоев, Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши котиби Булат Ўтемуродов, Хитой Халқ Республикаси жамоат хавфсизлиги вазири ўринбосари Ян Хуаннин, Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Игорь Иванов, Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари М.Қосималиев ва Тожикистон Хавфсизлик кенгаши котиби А.Азимов иштирок этган.

Р.Мирзоевнинг сўзларига қараганда, учрашув иштирокчилари халқаро террорчилик, айирмачилик, экстремизм ва фанатизмга қарши курашда ҳуқуқ-тартибот органлари, махсус хизматлар ва бошқа тузилмалар фаолиятини мувофиқлаштириш борасида ягона ғоявий ёндашув асосларини ишлаб чиқиш зарурлигини алоҳида таъкидлаган. Бундан ташқари, Хавфсизлик кенгашлари вакиллари ШҲТнинг иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш, минтақадаги интеграциявий жараёнларни янада жадаллаштириш борасидаги ўрни муҳимлигини қайд этган. Учрашувда ШҲТнинг бошқа шу каби нуфузли халқаро ташкилотлар билан доимий алоқада бўлиши муҳим аҳамиятга эга экани айтиб ўтилган. Мазкур тадбир якунида ШҲТга аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари вакиллари учрашувларини доимий ўтказиб туришга келишиб олинган ва бу борада махсус регламент қабул қилинган.

Маълумотларга кўра, Россия Хавфсизлик кенгаши котиби И.Иванов Тошкентга ташрифи доирасида Ўзбекистон Президенти, Хавфсизлик кенгаши котиби ва ташқи ишлар вазири билан музокаралар ўтказган. Мазкур учрашувларда Ўзбекистон Президентининг Россияга яқинда қилган амалий ташрифи чоғида келишиб олинган бир қанча масалалар юзасидан фикр алмашинган.

И.Ивановнинг таъкидлашича, Тошкентдаги музокараларда Афғонистондаги вазият ҳам муҳокама қилинган. Бу мамлакат ҳар икки давлат учун хавотир уйғотяпти. Бу хавотир, асосан, гиёҳванд моддалар контрабандаси ва террорчилик хавфи билан боғлиқ. Музокараларда бу хавфларга қарши ҳамкорликда ва ШҲТ доирасида кураш олиб бориш йўллари юзасидан фикрлашиб олинган.

Р.Мирзоевнинг билдиришича, ШҲТнинг Тошкент саммитига Афғонистон муваққат ҳукумати раиси Ҳомид Карзай ҳам таклиф этилган. У саммитда Ўзбекистоннинг меҳмони сифатида иштирок этади.

Экспертларнинг фикрича, саммит чоғида муҳокама этиладиган асосий мавзу айирмачилик ва террорчилик масаласидир. Шунингдек, учрашувда Афғонистондаги вазият масаласи ҳам кўриб чиқилиши кутилмоқда. Афтидан, ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари бу масала муҳокама этилаётганда Афғонистон вакилининг иштирок этишини мақсадга мувофиқ топган.
XS
SM
MD
LG