Линклар

ЕВРОПА ИТТИФОҚИ ЯҚИН ШАРҚ БОРАСИДА ЎЗ ҚАРАШИГА ЭГА

  • Ҳурмат Бобожон

Европа Иттифоқи Яқин Шарқда демократияни ривожлантириш бўйича АҚШ илгари сурган режага ўзгартиш киритганини маълум қилди. Иттифоқ мулозимларига кўра, улар таклиф этаётган янги кўринишдаги режа бошқа минтақаларни ҳам қамраб олади ва мусулмон ҳукуматлари истакларини инобатга олади. Европа Иттифоқининг ушбу ташаббуси сешанба куни АҚШнинг Жоржиа штатида бошланаётган саккизлик гуруҳи саммитида расман эълон этилиши кутилмоқда.

АҚШнинг Яқин Шарқда демократияни кенгроқ ёйишга қаратилган "Буюк Яқин Шарқ ташаббуси" деб номланган режаси мубохаса ва танқидларга сабаб бўлган эди. Ушбу режани эхтиросли ва воқеликдан йироқ, деб баҳолаган Европа Иттифоқи ҳужжатга ўзгартишлар киритишга қарор қилди. Иттифоқ расмийларига кўра, улар таклиф этаётган ўзгартишлар АҚШ ташаббусини реалистик ва Яқин Шарқ жамиятларига мос кела оладиган режага айлантириши мумкин. Европа Комиссияси Президенти Романо Продининг саккизлик гуруҳи масалалари бўйича маслаҳатчиси Стэфано Саннини Европа Иттифоқи бу масалада сезиларли ишлар қилганини айтади. "Бу иш Америка ташаббусига кўра бошланди. Аммо, биз уни Яқин Шарқ борасидаги ўз ғоя, қарашларимизга мос тарзда ўзгартирдик", - деди Европа Комиссияси мулозими.
Европа Иттифоқи илгари сураётган айни таклифлар, саноати ривожланган етти давлат ҳамда Россия рахбарлари иштирокида ўтадиган "Саккизлик" гуруҳи саммити мухокамалари марказида бўлиши кутилмоқда.

Европа Иттифоқи таклифига кўра, мусулмон жамиятларини ислоҳ қилишга қаратилган "Буюк Яқин Шарқ ташаббуси" номли Америка режаси Шимолий Африкадаги мусулмон давлатларига ҳам таалуқли бўлиши керак. Европа Комиссияси Президенти Романо Проди маслаҳатчиси Стэфано Саннинига кўра, ислоҳотлар минтақа давлатларидаги барча қатламлар: ҳукумат, нодавлат ҳамда бизнес секторни қамраб олиши лозим. Аммо, дейди Саннини, Ғарб давлатларининг мусулмон мамлакатлари билан бу борадаги муносабатлари ўзаро шериклик ва мулоқотга асосланиши керак. Яъни, Ғарб мусулмон давлатларга ақл ўргатмаслиги лозим.
Шуни ҳам айтиш керакки, АҚШ режасидаги асосий жиҳатлар ўзгаришсиз қолган. Яъни, самарали бошқарув, демократия ва қонун устуворлигини таъминлаш, озчилик ҳуқуқлари ҳурмат қилиниши, аёллар ҳуқуқлари оширилиши ва таълим сохасинининг такоммилаштирилиши каби мақсадлар ўзгармаган.

Европа Иттифоқи расмийлари бу борада оптимистик қарашдалар. Чунки, Иттифоқ талаби билан режа Араб-Исроил можаросининг ҳал этилиши минтақа келажаги учун муҳим омил экани қайд этилган. Маълумки, Европа Иттифоқи Қўшма Штатларнинг Яқин Шарқ борасидаги бир ёқлама сиёсатини танқид этиб, Араб-Исроил можаросининг ҳал этилиши минтақадаги бошқа кўплаб муаммолар ечими калити эканини таъкидлаб келганлар.

Бир сўз билан айтганда, Европа Иттифоқи бу таклифларни олға суриб, минтақада олиб бораётган фаолиятининг эътироф этилишини хоҳлаётган кўринади. Бу ерда гап "Барселона жараёни" доирасидаги ишлар ҳақида боряпти бу ерда гап. 1995 йилда жорий этилган ушбу дастур доирасида Европа Иттифоқи Ўрта ер денгизи хавзаси ўлкаларига миллионлаб евро миқдорида пул-маблағ ажратган. Айтиш жоиз, Саккизлик гуруҳи саммитида ироқ билан боғлиқ масалалар ҳам мухокама этилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG