Линклар

logo-print

Маҳбус очлик эълон қилди


Фирдавс Айни пайтда Қашқадарёдаги ҳибсхоналардан бирида сақланаётган маҳбус Собир Маҳмудов ўзига нисбатан чиқарилган суд ҳукмидан норозилик билдириб, очлик эълон қилди.

С.Маҳмудов 2003 йилнинг 15 августига ўтар кечаси ўз уйида ўлдириб кетилган бешкентлик Саломат Муқимова ва унинг ўғли Саъдулла Ҳасанов ишига алоқадорликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган эди. Жорий йилнинг апрель ойида Қашқадарё вилояти жиноят ишлари суди уни 17 йилга қамоқ жазосига ҳукм этганди. Мазкур жиноятга алоқадорликда айбланган яна бир неча кишига ҳам турли муддатли қамоқ жазолари белгиланган эди.

С.Маҳмудов суд ҳукмидан норози бўлиб, жорий йилнинг 28 май куни Қарши шаҳридаги 5-ҳибсхонада очлик эълон қилди. Бу ҳақда унинг адвокати Эшмамат Тўрабоев маълум қилди.

Маҳбуснинг акаси Олим Маҳмудовнинг таъкидлашича, укаси жиноят ишининг адолатсиз равишда кўриб чиқилганига чидай олмай очлик эълон қилишга мажбур бўлган.

Адвокатнинг сўзларига қараганда, суд жараёнида С.Маҳмудовнинг жиноятга алоқадорлиги тегишли далиллар билан исботлаб берилмаган. Унинг қамоққа олинишига жиноят ташкилотчиси Абдулла Турсуновнинг кўрсатмаси сабаб бўлган. Судда С.Маҳмудовнинг айбсизлиги борасидаги важлари инобатга олинмаган. Шунингдек, тергов жараёнида ҳам унинг важларига эътибор қаратилмаган. Бу важлар текшириб кўрилмаган.

Э.Тўрабоевнинг айтишича, у ўз ҳимоясидаги шахснинг очлик эълон қилгани тўғрисида мамлакат Президентига, Бош прокурорга ва Олий суд раисига телеграмма жўнатган. Адвокат бу ҳаракати адолатни тиклашда ёрдам беришига умид қилмоқда.
XS
SM
MD
LG