Линклар

logo-print

Шахсий сайтлар – муқобил ахборот манбаи


Зикрилло Ишонч Шахсий сайтлар эркин матбуотнинг бир шакли сифатида Интернет тармоғида аллақачон бўй кўрсатган. Эндиликда шахсий сайтлар ахборот бўшлиғини тўлдирибгина қолмай, фикрлар мулоқоти учун ахборот маконини ҳам яратиб бермоқда. Айрим журналистларнинг таъкидлашича, матбуотнинг ҳар хил таъсир ва назоратга тушиб қолиши шароитида бундай сайтлар муқобил фикр ва ғояларни илгари суришга ҳам имконият яратади.

Хўш, шахсий сайтлар Ўзбекистонда қандай ривожланган?

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг веб-муҳаррири Азамат Отажоновнинг сўзларига қараганда, мамлакатда реклама характеридаги шахсий сайтлар мавжуд. Аммо маълумот тарқатишни ўз олдига мақсад қилган бундай сайтлар жуда кам. Уларнинг айримлари эса “уз” домени пуллик бўлгандан сўнг ёпилган. Айни пайтда мамлакатда баъзи таниқли санъаткорларнинг ҳам шахсий сайтлари бор.

Мустақил журналист Алимардон Аннаев Ўзбекистонда шахсий сайтлар очилиши ва кўпайишига зарурат борлигини таъкидлади.

“Бундай сайтлар эркин муносабат билдириш, эркин сўз айтиш учун бир имконият бўлади. Ўз навбатида, бу муайян воқеа ёки ҳодиса ҳақидаги қарашлар, фикрлар ва муносабатлар хилмахиллигини таъминлайди. Мана шу хилмахилликнинг ўзи ҳам летаргик уйқуда ётган сиёсий кучларни уйғотишга ҳам туртки бўлиши мумкин”, деди у.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубовнинг фикрича, шахсий сайтлар жамиятда аҳолининг сиёсий, ижтимоий фикрлаш даражасини оширишда ҳам муҳим ўрин тутади.

А.Отажоновнинг таъкидлашича, шахсий сайтни хоҳлаган одам очиши мумкин. Бунинг учун жуда катта харажат талаб этилмайди. Бирор сервердан жой олиб, ўз шахсий сайтини очиш имконияти мавжуд. Гарчи шахсий сайтларни очишда ҳеч қандай тўсиқ бўлмаса-да, улар фаолиятини бошлагач, жойлаштирилган маълумотларга қараб, мониторинг қилиниши мумкин.

А.Отажонов Ўзбекистон шароитида, яъни аҳоли етарли маълумотлар олиш имкониятига эга бўлмаган бир пайтда муқобил ахборот тарқатадиган бундай сайтларнинг кўпайиши мақсадга мувофиқлигига урғу берди.
XS
SM
MD
LG