Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:41

Қулликка сотилаётган ўзбекистонликлар сони ортмоқда


Шайбон 8 июнь куни Тошкентда одам савдоси муаммосининг олдини олишга бағишланган миллий анжуман иш бошлади. Ушбу тадбир Халқаро миграция ташкилоти ташаббуси ва АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги – ЮСАИДнинг молиявий кўмагида ўтказилмоқда.

Анжуман иштирокчилари одам савдоси кўлами тобора кенгайиб бораётгани, бу жиноят тури билан шуғулланувчи шахсларни аниқлаш қийин кечаётганини таъкидлади. Халқаро миграция ташкилотининг Қозоғистондаги ваколатхонаси раҳбари Майкл Чайнснинг сўзларига қараганда, Ўзбекистонда ҳам одам савдоси тобора чуқур томир отмоқда. Ташкилот кузатувлари бу мамлакатда ҳар йили бир неча минг киши шундай савдо қурбонига айланаётганини кўрсатган. Улар, асосан, Бирлашган Араб Амирликлари, Исроил ва Малайзияга олиб чиқиб кетилмоқда. Илгари бу жиноят қурбонлари мамлакатдаги майда миллатлар вакиллари бўлган эса, улар орасида сўнгги вақтларда қишлоқ қизлари ҳам кўпайиб боряпти.

Ўзбекистон Бош прокуратураси халқаро алоқалар бўлими вакили Надежда Маслова ҳам мамлакатда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар кўпайиб кетаётганини тасдиқлади. Унинг айтишича, 2002-2003 йилларда Жиноят кодексининг 135-моддаси бўйича 51 киши, одам ўғирлаш жинояти бўйича 13 киши, 121-модда бўйича 6 киши судланган.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, 135-модда (одамлардан фойдаланиш учун уларни ёллаш) билан илк бор судланаётган киши энг кам иш ҳақининг 50 баробаридан 100 баробаригача миқдорда жаримага тортилади. Шунингдек, уч йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб этилиши ёхуд мул-мулки мусодара этилиб ёки этилмай олти ойгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. 121-модда (аёлларни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш) бўйича илк маротаба судланаётган шахс икки йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб этилади ёки олти ойгача қамоқ жазосига тортилади.

Н.Маслованинг билдиришича, одам савдоси ёки ноқонуний эксплуатация қурбонлари, асосан, хотин-қизлардир. Бу жиноятларга қўл урганлар орасида ҳам аёллар кўпчиликни ташкил этади.

Анжуман давомида иш излаб хорижга чиқиб кетаётган фуқароларнинг ижтимоий муҳофазаси масаласи ҳам муҳокама қилинди. Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири ўринбосари Анвар Акбаровнинг таъкидлашича, иш излаб хорижга кетаётган фуқаролар ноқонуний мигрант ҳисобланиб, уларнинг муҳофазасини таъминлаш ўта муаммоли масаладир. Чунки улар норасмий равишда ишламоқда. Бу мигрантлар меҳнати ва ҳимояси ҳеч ким томонидан кафолатланмаган. Шунга қарамай, Ўзбекистон уларнинг муҳофазасини таъминлаш борасида аниқ чора-тадбирлар кўрмоқда. Яъни мигрантлар ишлаётган мамлакатлар тегишли вазирликлари билан алоқалар ўрнатилмоқда. Бу борадаги музокараларда ноқонуний мигрантлар меҳнатини қонунийлаштиришга эътибор қаратиляпти.
XS
SM
MD
LG