Линклар

Қирғизистон Президенти Халқаро майдонда ислом динини ҳимоя қилмоқчи


Қирғизистон Президенти Халқаро майдонда ислом динини ҳимоя қилмоқчи 10-11 июн кунлари Қирғизистонда “Евросиё ХХ1 асрда- маданиятлар ҳамкорлиги ёки цивилизациялар тўқнашуви” деб номланган халқаро конференция бўлиб ўтади. Анжуманда Европа ва Осиё мамлакатлари расмийлари, тарихчилар, диншунос ва сиёсатшунос олимлар иштирок этиши кутилмоқда. Анжуман олдидан Москвада нашр этиладиган ‘Российская газета”да Қирғизистон Президенти Асқар Ақаевнинг шу мавзуга бағишланган мақоласи чоп этилди. Мақолада Президент Ақаев Қирғизистонда ўтадиган халқаро анжуманда сиёсий атамашуносликдаги баъзи атамаларни истеъмолдан чиқариш таклифини киритмоқчи. Асқар Ақаевга кўра, бундай атамалар ислом динига қарши қаратилгандир.

““Цивилизациялар тўқнашуви” деб номланадиган концепция илмий асосдан йироқ ва энг аввало исломнинг моҳиятини бузиб кўрсатувчи сиёсий эҳтирос маҳсулидир. Мен Қирғизистонда ўтадиган “Евросиё ХХ1 асрда- маданиятлар ҳамкорлиги ёки цивилизациялар тўқнашуви” халқаро анжуманида “Цивилизациялар тўқнашуви” атамасини дунё сиёсий луғатидан бира-тўла сиқиб чиқармоқчиман”.

Бу Қирғизистон Президенти Асқар Ақаевнинг “Российская газета”да чоп этилган “Евросиё ва янги аср талаби” мақоласидан иқтибос эди.

Мақолани ўқиб италян ёзувчиси Жанни Родарининг бир эртаги эсимга тушди. Ўша эртакда “Етти ўлчаб бир кес”, деган эски мақол “Ўйчи ўйини ўйлагунча таваккалчи ишини битиради” деган янги мақол билан баҳслашиб қолади. Охир-оқибат янги мақол баҳсда ютиб чиқади, эски мақол эса мағлубиятга чидамай ўлиб қолади. Жанни Родари эртагини “инсоният доимо эски мақоллар қуршовида яшаса, дунё жуда зерикарли бўлиб кетади. Агар ҳар бир одам биттадан эски мақолни янгисига ўзгартирганда эди, дунё янада гўзаллашган, урушлар ўз-ўзидан тўхтаб қолган бўлар эди”, деган хулоса билан тугатади.

Асқар Ақаев ҳам бир сиёсий атамани истеъмолдан чиқариш ниятини билдирар экан, ислом ҳимоячиси сифатида обрў қозонмоқчими, ёки дунёнинг мукаммал ва гўзал бўлишига камтарона ҳисса қўшмоқчими? Саволни бундай қўяр эканмиз, “Битта атамани сиёсий луғатдан чиқариш билан дунё мукаммаллашиб қолармиди? Шунга шунча шов-шув кўтариб, “Озодлик” радиоси ва бизнинг вақтимизни олиш шартмиди?” дегувчи айрим тингловчиларимизни ҳам кўз олдимизга келтирамиз, албатта.
Хўш, Ақаев фикрича “исломга қарши қаратилган ва сиёсий эҳтирос маҳсули бўлган” “Цивилизациялар тўқнашуви” атамаси қандай маънони беради ўзи? Бу саволга Қирғизистон Давлат Котиби Ўсмўнақун Ибраимов шундай жавоб беради:
Овоз

“Масалан, мусулмон олами христиан олами билан муаммоли масалаларда тўқнашувга киришадилар. Бундай тўқнашувлар бўлган, ҳозир ҳам бўлиб келаяпти. Ўрта асрларда ги “салб юришлари”дан хабарингиз бор. Мусулмон халифалиги ва христиан дунёси тўқнашган”.

Ўсмўнакун Ибраимовга кўра, “Цивилизациялар тўқнашуви” атамасининг қўлланилиши, дунёни икки қутбга бўлади ва бу қутблар орасидаги ҳар қандай низони мусулмон ва насроний ғоялари тўқнашуви билан боғлайди. Бу эса ўта хавфли жараёндир.

Москвалик сиёсатшунос Алексей Малашенко эса, мана бундай фикр билдиради:
Овоз

-Бу концепциянинг танқид қилинаётганлиги тўғри. Бу концепция илмий жиҳатдан ҳам сиёсий жиҳатдан ҳам провокациондир. Мен бу концепцияга қарши чиқаётган Асқар Ақаевни яхши тушунаман, - деди москвалик сиёсатшунос Алексей Малашенко.

“Цивилизациялар тўқнашуви” атамаси истеъмолдан чиқиши билан баъзи бир сиёсий доираларда исломга нисбатан салбий муносабат ўзгарадими? Бу саволга ҳам москвалик сиёсатшунос Алексей Малашенко жавоб беради:
овоз

- Биласизми, президент сифатида сиз бу концепцияни қабул қилар экансиз, аввало сиз бошқараётган давлат қайси тарафга қўшилиши лозимлигини хал этишингиз лозим. Мусулмон цивилизацияси тарафигами ёки насроний цивилизациясигами. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, “Цивилизациялар тўқнашуви” концепцияси бекор қилинса, дунё сиёсатчилари анча енгил тортадилар. Бироқ, халқаро террорчилик тармоғи, масалан, Бин Ладин бу концепциядан воз кечишини эса тасаввур қилиб бўлмайди,- дейди Алексей Малашенко.

10-11 июнда Қирғизистонда ўтадиган “Евросиё ХХ1 асрда- маданиятлар ҳамкорлиги ёки цивилизациялар тўқнашуви” халқаро конференциясида бу масала қай тарзда ҳал этилади? Асқар Ақаевнинг таклифи қабул қилинадими? Бу ҳақда анжуманнинг ўтиши жараёнида яна хабар берамиз.
XS
SM
MD
LG