Линклар

Шарқшунос Исломни танқид қилди (2-қисм)

  • Сарвар Усмон

Москвада истиқомат қилувчи, асли тожикистонлик шарқшунос олим, Қуръон таржимони Олим Ғафуров Озодликка берган суҳбатида бундан бир ярим йил муқаддам "Известия" газетасида ёритган мақоласида билдирган ҳар бир фикрини бугун ҳам билдириши мумкинлигини, боз устига: "Исломнинг ёлғон ва зарарли дин эканлигига янги далиллар келтира олишини" - таъкидлади.

Исломий қадриятларни танқид қилар экан, жаноб Ғафуров, жумладан мана бу гапни ҳам айтди:

"Исломни, у устувор бўлган мамлакатларда, адолатли ва демократик қонунлар ўрнатадиган динлар қаторига қўшадилар. Бироқ, мен исломий демократия мавжуд биронта ҳам мамлакат борлигини билмайман".

Бу фикрларини Олим Ғафуров "Известия"да ёритган мақоласида янада ривожлантирган. Унинг фикрича, Исломнинг позициялари кучли бўлган мамлакатларда демократия ўрнатишга ҳаракат қилишнинг ҳам кераги йўқ.

"Чунки, Ислом Шарқда 13 асрдан буён ҳукмронлик қилиб келади ва у таназзул, ёввойилик ҳамда деградациядан бошқа нарса келтирмади", - дейди Олим Ғафуров.

Ғафуровнинг мақоласидаги фикрлардан "ҳар бир мусулмон потенциал экстремистдир", деган маъно келиб чиқади.

Москвалик миллати рус мусулмонлардан бири Али Полосин Озодликка берган суҳбатида Олег Осетинский ва Олим Ғафуровларнинг "Известия"да босилган мақолаларни Исломга нисбатан қаттиқ ҳақорат, деб қабул қилганини билдирди.


Али Полосин газетада ёритилган мақолаларда:
"дини Ислом ва мусулмонларнинг қандайдир конкрет гуруҳлари ўртасидан аниқ чизиқ ўтказилмаган, чунки, экстремистлар барча динларда ҳам бор ва шунинг учун буни фарқлай билиш лозим. Афсуски, Осетинский ҳам, Ғафуров ҳам масалани шундай қўйганларки, натижада Исломнинг ўзи одамларни террористик ҳуружларга даъват этадиган дин қаторига ўтиб қолган", - деди.

Олег Осетинскийнинг мақоласи туфайли бундан бир ярим йил муқаддам "Известия" газетасида бўлиб ўтган мунозарада Россия Федерацияси собиқ Бош вазири Евгений Примаков ҳам иштирок этган.

"Ислом Шарқда 13 асрдан буён ҳукмронлик қилиб келади ва у таназзул, ёввойилик ҳамда деградациядан бошқа нарса келтирмади", - деб таъкидлаётган Олим Ғафуровдан фарқли ўлароқ, Евгений Примаков мана бундай деб ёзган эди:
"Мусулмон олимлар илм-фан, санъат ва маорифга катта ҳисса қўшганлар, бошқача айтганда улар дунё тамаддунининг тамал тошини қўйиб берганлар".

Евгений Примаков ўз мақоласи бандларидан бирини "Терроризм илдизлари Қуръонда эмас", деб номлаган.
Олим Ғафуров эса бу фикрнинг аксини таъкидлайди.

У билан ўзбекистонлик ёзувчи Темурхожи Пўлатов ҳам "Ислом.РУ" сайтига берган суҳбатида ғойибона баҳсга киришган эди.

Биз унинг ва Евгений Примаковнинг айтганларини Ғафуровга эслатдик. У кишининг жавоби бундай бўлди:
"Примаков араб давлатлари билан боғлиқлиги борлиги учун Исломни ҳимоя қилаяпти, Пўлатов эса, Исломни қандайдир ўзи ишлаган бир ташкилотни миллионлаб ақчага сотиб юборгани учун ҳимоя қилаётибди".

Хўш, нима учун гапираяпмиз бу гапларни? Ота-онаси мусулмон, Қуръонни таржима қилган шарқшунос олим Олим Ғафуровнинг Ислом ва мусулмонларни ҳақорат қилгани тўғрисида сизга хабар етказиб қўйиш учунми?

Йўқ, бунинг учун эмас. Мақсад Москва шаҳар судининг мазкур масала бўйича тутган позицияси, Россия жамоатчилигида Исломга нисбатан муносабатлардаги тенденциялар ҳақида хабар беришдир.

Ислам.РУ сайти Бош муҳаррири Марат Сайфиддиновнинг газета устидан берган даъво аризасини бундан бир неча ой муқаддам Москва шаҳар Тверь район суди рад этган эди.

28 май куни эса, Сайфиддиновнинг аризасини Москва шаҳар суди ҳам кўриб чиқди ва Тверь район суди қарорини ўз кучида қолдирди. Демак, Осетинский ҳам, Ғафуров ҳам ўз мақолаларида Исломни ва мусулмонларни ҳақорат қилмабди. Суд, ўз қарорини мақолалар муаллифлари шахсан Сайфиддиновни ҳақорат қилмаган, шунинг учун унинг даъво аризаси рад этилади, деб изоҳлаган.

Бироқ, даъвогар суд қароридан рози эмас.

"Чунки,- дейди у,- мен Россияда тарқалган Исломдан қўрқиш васвасаси муаммосининг ечилишидан манфаатдор кишилар гуруҳига кираман ва шунинг учун ҳам менинг даъво аризамни суд кўриб чиқиши ҳамда мусулмонларни ҳақорат қилганларни жазолаши лозим". - деб ҳисоблайди Марат Сайфиддинов.

Москвалик рус мусулмонлардан бири Али Полосиннинг фикрича, агар газетадаги мақолаларда Ислом эмас, Православ черкови ҳақорат қилинганида, муаллифлар дарҳол жазоланган бўлардилар.
"Чунки Рус Православ черковини давлат шу кунда Конституцияга зид тарзда очиқ-ошкора ҳимоя қилаяпти", - дейди Али Полосин.

Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, Тверь район прокуратураси Олег Осетинскийга нисбатан жиноий иш қўзғаган. Шу кунда у қидирувда.

Ислом ва мусулмонлар шаънини ҳимоя қилишга бел боғлаган Марат Сайфиддинов эса, Конституцияда белгилаб қўйилган ҳуқуқларини қонуний йўллар билан ҳимоя қилишни давом эттирмоқчи. Демак, судлашув давом этади.
XS
SM
MD
LG